Таълимни ривожлантириш ҳақида кўп гапириляпти. Айниқса икки сўз – ислоҳот ва инновация сўзлари кўп ишлатиляпти. Бу сўзларни мен шахсан қандай тушунаман, шуни айтиб берсам.

– Таълим тизимимизни XXI аср талабларига мослаштиришимиз, уни эгилувчан, замон билан ҳамнафас қилишимиз, кераксиз юклама ва тўсиқлардан халос қилишимиз керак. Ўтган йилларда йўқотилганларни, қилинмаган ишларнинг ўрнини тўлдириш керак. «Ислоҳот» сўзини, менимча, шундай тушуниш керак.   

– Энди «инновация» сўзи ҳақида. «Инновация» инглиз тилида амалда мавжуд бўлган нарса ёки тизимда янгича усуллар, ғоялар ёки маҳсулотлар орқали ўзгаришларни амалга оширишни билдиради. Масалан, таълим соҳасида янгича ёндашув синфларни кичрайтириш ва фикрни сайқалловчи мунозараларга ўрин бериш, ижодий ишларга урғу бериш, фикрлар (талабанинг ўз фикрига эга бўлишига чорлаш) ва маҳсулотлар (компьютерлар ва онлайн дастурлар) билан таъминлашни билдиради.

Aммо булар олий таълимдаги даражамизни яхшилаш учун иккиламчи омил бўлиб, бирламчи омил – китоб ўқишни йўлга қўйиш. Ҳа, ишонинг, бирламчи омил компьютерни яхши билиш, кийиниш ёки энг замонавий биноларда таълим олиш эмас, балки айнан кўп китоб ўқиш. Модомики, талаба соҳаси бўйича етарлича китоб ўқимаса инновацион таълим методлари ва замонавий технология асбоблари таълим даражамиз яхшиланишига омил бўлолмайди, талабаларимиз кучсиз бўлиб қолаверади. Китоб ўқиш ҳамон илмий жараёнлар замиридаги энг муҳим асос бўлиб қолмоқда.

Бизда эса, гарчи сўнгги 2-3 йил ичида китоб ўқишга рағбатлантириш кузатилаётган бўлса ҳам, китоб ўқиш ўрнига «ислоҳот» ва «инновация» сўзларини кўп ишлатиш «асос» бўлиб қолмоқда. Биз бу сўзларни суиистеъмол қиляпмиз.

Нима қилиш керак? Китоб таржимаси сафарбарлигини бошлаш керак. Нега энди айнан таржима? «Ўзимизнинг олимларимиз йилига юзлаб, минглаб китоблар чиқариб ётибди-ку?», деган савол берилиши мумкин. Сабаби, бизда, минг афсуски, ҳам ижтимоий ва ҳам аниқ фанлар соҳасида XXI аср савиясидаги китоблар ёзилмаяпти. Буни, аччиқ бўлсада, тан олишимиз лозим. Иқтисодчи, биолог, кимёгар, доктор, ҳуқуқшунос, геолог ва тилшунос дўстларимдан сўраб кўрдим: «соҳаларингизда дунёдаги энг сўнгги назария, янгилик ва ўзгаришлар акс этган китоблар Ўзбекистонда ёзиляптими» деб. Деярли ҳаммасидан «йўқ» деган бир хил жавобни олдим.

Биз кенг миқёсдаги таржима кампаниясини бошлашимиз керак. Ўрта асрларда, Ислом уйғониши даврида китоблар қандай миқёсда таржима қилинган бўлса, биз ҳам шу миқёсда соҳалар бўйича китоб таржимасини йўлга қўйишимиз керак. Чунки ҳозирда бизда бор aдaбиётлaр дaвр талабига жaвоб бермaйди!  

Ўзбекистон университетларидаги мавжуд адабиётлар қай даражада дунё стандардларидан узилиб, қолоқ ҳолга келганини бир неча аччиқ мисоллар билан кўрсатаман: