Лойиҳага кўра, 100 баллик баҳолаш тизими сақланиб қолади. Бунда жорий назорат учун 30 балл, оралиқ назорат учун 20 балл ва якуний назорат учун 50 балл ажратилади. Тиббиёт йўналишларида эса баллар алоҳида тартибда тақсимланади.

Шунингдек, профессор-ўқитувчилар ҳар бир баҳоланган топшириқ бўйича талабага камида икки-уч гапдан иборат изоҳ (фидбэк) ёзиши шарт этиб белгиланмоқда.

Якуний имтиҳонлар овозли ва видеокузатув камералари билан жиҳозланган аудиторияларда ўтказилиши, видеоёзувлар эса камида бир йил сақланиши режалаштирилган. Бундан ташқари, имтиҳонларни олий таълим муассасаларининг расмий веб-сайтлари орқали онлайн кузатиш имконияти ҳам яратилади.

Қарор лойиҳасида уч ой ичида онлайн кузатув ва компьютерда имтиҳон топшириш платформаларини ишлаб чиқиш, шунингдек, ҳар семестр якунида талабалар ўртасида сўровномалар ўтказиш ҳам назарда тутилган. Кўриш имконияти чекланган талабалар учун эса Брайл алифбоси, овозли ўқиш ва ассистент ёрдами каби мослаштирилган имтиҳон шаклларини жорий этиш режалаштирилмоқда.