Олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари Сардор Ражабовнинг таъкидлашича, сертификат орқали максимал балл билан ОТМга кирган талабаларнинг қарийб 60 фоизи аъло баҳоларга ўқимоқда.

Бу ҳақда 18 август куни Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида 2026/2027 ўқув йили учун олий таълим муассасаларига қабулнинг якуний натижалари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Сўнгги йилларда сертификат ва имтиёзлар тизими орқали ОТМларга қабул қилиш амалиёти кенгайиб бораётгани жамоатчиликда турли саволларни келтириб чиқарди. Хусусан, сертификат ёки имтиёз асосида қабул қилинган абитуриентлар туфайли тестда юқори натижа кўрсатган бошқа абитуриентларнинг имконияти чекланяпти деган эътирозлар юзага келди.

Вазир ўринбосари Сардор Ражабов бу тизимнинг амалиётдаги натижалари ҳақида гапирди.

“Миллий сертификат тизими тест тизимига қараганда мураккаброқ. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, қанчалик кўп бола миллий сертификат олиб кирган бўлса, максимал балл оладими ёки сертификатдаги фоиз бўйича балл оладими, қатъий назар тестда олинган баллга нисбатан қийинчилик даражаси икки хил. Шунга алоҳида урғу беришимиз керак”, - деди у.

Вазирлик миллий сертификат асосида максимал балл олган ва имтиёз асосида ОТМга қабул қилинган талабаларнинг кейинги ўзлаштиришини ҳам таҳлил қилган.

“Ўзи миллий сертификат билан максимал балл олиб ўқишга кирган болалар қандай ўқияпти деган таҳлил ўтказдик. Шунда 60 фоизга яқин бола аъло баҳоларга ўқиётгани аниқланди. Яхши баҳоларга ўқиётган болалар сони 40 фоизга яқин. Яъни жуда кам фоизи яхши ўқимаяпти ва бунга бошқа объектив-субъектив сабаблар бўлиши мумкин. Лекин миллий сертификат билан кирганлар орасида ҳайдалиб кетганлар сони жудаям кам.

Кейинги таҳлилни ҳам ўтказдик, умуман имтиёз билан кирган талабаларнинг ўқиш жараёнидаги ўзлаштириши, ўқишдан четлаштирилиши, курсдан қолиши ҳақидаги таҳлилни ўтказдик. Бирламчи маълумотлар бўйича айтишим мумкин, имтиёз билан кирган талабаларнинг ичида энг юқори натижа кўрсатаётганлар бу имтиёз билан кирган хотин-қизлар экан”, - деди вазир ўринбосари.

Вазирлик вакили имтиёз ва сертификат асосида қабул қилинган талабаларнинг таълимдаги натижаларини таҳлил қилиш давом эттирилишини билдирди.