Замона зайли шиддат билан ўзгараётган даврда яшаяпмиз. Бугун бизни энг сўнгги технология ҳам ҳайратга солиши қийин. Нима учун бундай? Сабаби бу оламда ҳар лаҳзада ўзгариш бўляпти,  ҳайрон қолишга улгуролмаяпмиз.

Барча соҳалар автоматлаштирилса, биз инсонлар нима билан шуғулланамиз? Фикрни бир жойга жамлаб, ўйлаш лозим: қайси касбни бошидан тутсам, эртага у жамиятга фойда олиб келади? Бугун танлаган мутахассислигим билан келажакда ишсиз қолмайманми?

Бу борада ёшларни касбга йўналтириш ишларининг аҳамияти бўлак. Хўш, Ўзбекистонда қайси соҳа жадаллик билан ривожланяпти, яқин келажакда қандай кадрларга эҳтиёж ортади?

«Ўзбекистонда қандай касблар борлигини ўзбек тилида билиш имконияти йўқ»

Хушнудбек Худойбердиев (ҳуқуқшунос):

– Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 4 октябрдаги «Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори (охирги марта 2019 йил 24 январда қўшимчалар киритилган) қабул қилинган. Бу рўйхатда, биринчидан, маънан эскирган касблар бор. Классификаторнинг янгиланган версиясида тор доирадаги касблар ҳам киритилган. Буни тан олиш керак. Аммо барибир ҳам бозор иқтисодиёти шароитидаги меҳнат бозорига мослаштириб қайта кўриб чиқиш зарур.

Иккинчидан, касблар рўйхати рус тилида берилган. Унинг ўзбекча расмий матни йўқ. Бу ерда тил масаласи долзарб бўлиб турибди. Худдики ўзбек тилида касбларнинг номини ёзиб бўлмайдигандек таассурот уйғонмоқда. Ўзбекистон аҳолисининг асосий қисми ўзбек тилида сўзлашади-ку. Ёшларимиз юртимизда қандай лавозимлар борлигини ўз она тилида билиш имкониятига эга эмаслар.

20-30 йилдан кейин ҳозир амалда бўлган айрим касбларга эҳтиёж қолмайди. Бу шиддат билан ривожланаётган технология натижасида юзага келади. Ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳалари тўлиқ автоматлаштирилаётган бир пайтда 20-30 йилдан кейин инсон ресурсига, баъзи касбларга талаб мутлақо йўқолади. Масалан, тўлиқ автоматлаштирилган таксилар ҳаётга татбиқ этилса, ҳайдовчиларнинг кераги бўлмайди. Ёки ҳуқуқшуносларни олайлик: уларнинг ўрнини босувчи робот яратилган ва ундан бемалол ҳуқуқий маслаҳат олишингиз мумкин. Демак, бу каби ҳолатлар келажакда кўплаб касблар истиқболини хавф остига қўяди.