Бу ҳақда «Касбий таълим ташкилотлари қабул параметрлари ва уларнинг самарадорлиги» номли ахборот-таҳлилий маълумотда қайд этилган. Таҳлил Касбий таълим агентлиги тақдим этган расмий маълумотлар асосида шакллантирилган.

Ҳужжатга кўра, 2025-2026 ўқув йили учун техникумларга 287 301 та қабул квотаси ажратилган. Амалда 249 130 нафар ўқувчи ўқишга қабул қилинган. Ҳисоботнинг таълим шакллари бўйича жадвалида умумий қабул режаси 86,7 фоизга бажарилгани кўрсатилган.

Энг кўп танланган касблар

Қабулнинг энг катта қисми — 20 фоизи «Автомобилларни таъмирлаш ва уларга хизмат кўрсатиш» касби ҳиссасига тўғри келган. Бу йўналишга 27 660 та ўрин ажратилган бўлса, амалда 50 116 нафар ўқувчи қабул қилинган.

Шунингдек, умумий қабулда қуйидаги касб ва мутахассисликлар салмоқли улушни эгаллаган:

— тикувчи — 7 фоиз;

— ҳамширалик иши — 6,2 фоиз;

— тракторчи-машинист — 5 фоиз;

— даволаш иши — 4,1 фоиз;

— компьютер графикаси ва дизайн оператори — 3,8 фоиз;

— рақамли ахборотларни қайта ишлаш устаси — 3,4 фоиз.

Таҳлилда айрим мутахассисликларда қабул белгиланган квоталардан бир неча баробар ошгани, бошқаларида эса ажратилган ўринлар тўлмагани қайд этилган.

Бироқ қабулнинг нол ёки жуда паст даражада бўлиши ҳар доим ҳам муайян касбга талаб йўқлигини англатмаслиги таъкидланган. Айрим ҳолларда гуруҳ ташкил этиш учун етарли ўқувчи тўпланмагани сабабли улар ўз розилиги билан яқин йўналишларга ўтказилган.

Ҳудудлар ўртасида сезиларли фарқ бор

Ҳисоботда Фарғона ва Самарқанд вилоятларида қабул режаси тўлиқ бажарилгани кўрсатилган. Бухоро ва Андижонда бу кўрсаткич 96 фоизни, Жиззахда 93 фоизни, Наманганда 92 фоизни ташкил этган.

Қорақалпоғистонда қабул режасининг бажарилиши 65 фоиз, Хоразм вилояти ва Тошкент шаҳрида 70 фоиз, Навоий вилоятида 72 фоиз бўлган. Шу тариқа, ҳудудлар ўртасидаги фарқ 35 фоиз пунктга етган.