Сўнгги йилларда сунъий интеллект меҳнат бозорига таъсири тобора кучайиб, кўплаб касб эгалари ўз иш ўринлари келажагидан хавотир билдирмоқда. Бироқ барча касблар ҳам автоматлаштиришга бир хил даражада мойил эмас.

Мутахассислар бунинг асосий сабаблари сифатида иш жараёнининг олдиндан тўлиқ башорат қилиб бўлмаслиги, жисмоний меҳнат талаб қилиниши, мутахассис ва мижоз ўртасида ишонч муҳим ўрин тутиши, шунингдек, лицензиялаш ва ҳуқуқий тартибга солиш билан боғлиқ талабларни келтиради. Айрим касбларда эса юқори малака ва инсон тажрибаси ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Шу асосда Job Zone Risk хизмати сунъий интеллектга чидамлилик индекси — AIJRI (Artificial Intelligence Job Resilience Index)ни ишлаб чиққан. Индекс қанчалик юқори бўлса, ушбу касбни сунъий интеллект алмаштириш эҳтимоли шунчалик паст ҳисобланади.

Рейтингга кўра, электр узатиш тармоқларини ўрнатиш ва таъмирлаш бўйича мутахассислар энг барқарор касб эгалари деб топилди. Уларнинг AIJRI кўрсаткичи 91,6 баллни ташкил этган. Шунингдек, темирйўл сигнализация тизимларини синовдан ўтказувчи муҳандислар ва сунъий интеллект хавфсизлиги билан шуғулланувчи мутахассислар ҳам юқори ўринларни эгаллаган.

Рўйхатдан қабул қилувчи ота-оналар, монтажчилар, электрчилар, травматолог-жарроҳлар ҳам ўрин олган. Шунингдек, кутилмаган касблардан бири — кино ва театрда саҳналарни мувофиқлаштирувчи координатор ҳам сунъий интеллект таъсирига энг чидамли касблар қаторига киритилган.

Тадқиқот муаллифлари қайд этишича, бугунги кунда сунъий интеллект энг кўп офис ходимлари фаолиятига таъсир кўрсатмоқда. Хусусан, ҳужжатлар билан ишлаш, жадваллар тузиш, мижозларга хизмат кўрсатиш ва маълумотларни қайта ишлаш билан боғлиқ вазифалар автоматлаштириш хавфи юқори бўлган соҳалар сифатида баҳоланмоқда.