Илмий даражалар бериш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳаси эълон қилинди. Тегишли ҳужжат норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида жойлаштирилган.

Илмий даражалар белгиланган тартибда диссертация ҳимоя қилган ёки талабларга жавоб берган, муайян фан тармоғида чуқур касбий билимга, илмий ютуқларга эга бўлган юксак маънавиятли шахсларга берилади.

Тиббиёт фанлари бўйича диссертация ҳимоя қилиш – тиббиёт соҳаси бўйича олий маълумотга, ветеринария фанлари бўйича диссертация ҳимоя қилиш – ветеринария соҳаси бўйича олий маълумотга эга бўлган шахсларга рухсат этилади.

Диссертация изланувчи ўтказган тадқиқотлар ва эълон қилган илмий ишлар асосида тайёрланади. Диссертацияни расмийлаштириш ва уни ҳимоя қилиш изланувчининг хоҳишига кўра ўзбек, рус, қорақалпоқ ва инглиз тилларида ёки ОАК билан келишилган ҳолда бошқа тилда амалга оширилади.

Талабгор, илмий раҳбар ёки илмий маслаҳатчи тадқиқотнинг мақсад ва вазифаларини аниқ белгилаш ҳамда диссертация ва диссертация авторефератининг мазмуни учун масъул ҳисобланади.

Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ва уларни аттестациядан ўтказишга оид қонун ҳужжатларида белгиланган талабларни тўлиқ бажарган, жумладан ихтисослик бўйича малакавий имтиҳон (имтиҳонлар)ни топширган изланувчилар диссертацияни ҳимоя қилишга қўйилади.

Тадқиқотлар амалга оширилган муассаса хулосаси ва Илмий кенгаш тақдимномаси асосида ОАK Раёсати қарори билан истисно тариқасида, қуйидагиларга диссертация ҳимоясисиз илмий даража берилиши мумкин.

Илмий янгилиги долзарб бўлган патентлар билан муҳофаза қилинган ихтиро патенти ва селекция ютуқлари патенти муаллифига:

фан доктори (DSc) илмий даражаси - камида 3 та ихтиро патенти ёки селекция ютуқлари патенти асосида фан ва технологияларни ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилиш ва ижтимоий соҳалар тараққиётига улкан ҳисса қўшиш ҳамда илмий натижаларнинг амалиётга жорий қилиниши асосида салмоқли самара олинган бўлиши;

фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси - ихтиро патенти ёки селекция ютуқлари патенти асосида фан ва технологияларни ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилиш ва ижтимоий соҳалар тараққиётига улкан ҳисса қўшиш ҳамда илмий натижаларнинг амалиётга жорий қилиниши асосида салмоқли самара олинган бўлиши;