IELTS каби ўзбек тили учун ҳам баҳолаш тизими яратилиши мумкин
Халқ таълими вазирлиги ўзбек тилини билиш даражасини баҳолашнинг IELTS каби тизимини ишлаб чиқиш устида ишламоқда. Бу ҳақда вазир Шерзод Шерматов маълум қилди.
Шерматов Facebook`даги саҳифасида бундай тизимни яратиш учун экспертларни ҳамкорликка чақирди.
«Тилни ўрганишда нафақат грамматика, балки ҳаётда у тилдан фойдаланиш учун кўникмалар ҳосил қилиш жуда муҳим. Лекин, шу вақтгача IELTSдаги каби барча 4та кўникма (ўқиш, ёзиш, гапириш ва эшитиш)ни холис баҳолайдиган тизим ўзбек тили учун яратилмаган», – деб ёзади у.
Халқ таълими вазирига кўра, агар шундай тизим ишлаб чиқилса, мактаб ўқувчиларининг ўзбек тилини янада яхшироқ ўрганишга, яхшироқ ўқиб тушунишга, равон гапиришга, ўз фикрларини бемалол ёзма ифода этишга имконият яратилади.
«Яхши ишончли тизим яратилса, уни кейинчалик Давлат тест маркази билан ҳамкорликда Олий таълим муассасаларига ҳам кириш имтиҳонларида жорий қилса бўлади», – деб фикр билдирди Шерзод Шерматов.
Унинг сўзларига кўра, ҳозир бу тўртта кўникмани инглиз тилида баҳолаш учун хорижий экспертлар билан ҳамкорликда компьютердаги тест тизими ҳам яратилган. Лекин бу тизимдан ўзбек тилидаги кўникмаларни баҳолашда фойдаланиш учун ўзбек тили мутахассислари, айниқса тест тузиш бўйича мутахассислар керак.
«Биз шундай мутахассисларни излаяпмиз. Кучли экспертларга қилган ишлари учун тегишли маблағ ажратилади», – дея қайд этган вазир.
ХТВ раҳбари ўз постида кеча, 21 октябрь куни мустақил Ўзбекистон тарихида биринчи марта Давлат тили байрами давлат раҳбари иштирокида нишонланганини эслаб ўтган.
«Кучли ва фидойи мутахассисларни йиға олсак ва янги баҳолаш тизимини яратсак, барча таълим муассасаларидаги ўқувчилар учун жуда фойдали бўлар эди. Бу эса, ўз навбатида, ўзбек тили давлат тили деб белгиланганининг 30 йиллиги учун ўзига хос яхши совға бўлади», – дейди Шерзод Шерматов.
Мавзуга оид
14:40 / 24.10.2024
“Кўпроқ инглиз тилида контент қилинг” – Шерзод Шерматов ўзбек ютуберларига кўпроқ даромад олиш учун тавсия берди
21:43 / 22.10.2024
“Ўзимиз ўзбек тилини яхши билмаймиз” – фаоллар давлат тили мавқейи ҳақида нима дейди?
17:58 / 21.10.2024
“Тил – ҳар қандай халқ учун ўта ҳассос ва таъсирчан масала” — Шавкат Мирзиёев
12:48 / 21.10.2024