Бугун пойтахтимиздаги “International hotel Tashkent” меҳмонхонасининг муҳташам Амир Темур залида Халқ демократик партиясининг қурултойи бўлиб ўтди.

Партия Марказий Кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, Қорақалпоғистон Республика, вилоятлар ва Тошкент шаҳар партия ташкилотларидан кўрсатилган делегатлар, партиянинг республика миқёсидаги фаоллари, хайрихоҳлари ҳамда ОАВ вакиллари қатнашган иштирок этган қурултойда партиянинг бу йилги сайловда иштироки билан боғлиқ муҳим масалалар муҳокама этилди.

Қурултойда дастлаб Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракциясининг 2015-2019 йиллардаги фаолияти юзасидан тайёрланган ҳисоботлари қурултойда атрофлича муҳокама этилди.

Ҳисобот даврида устувор дастурий мақсад-вазифалардан келиб чиқиб, партия фракцияси аъзолари 500 дан ортиқ қонун ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлашда фаол иштирок этган. Шунингдек, партия фракциясининг ташаббуси билан Ҳукумат вакилларининг 50 дан ортиқ ҳисобот ва ахборотлари эшитилган.

Партия фракцияси аъзолари мамлакатимизнинг барча ҳудудларида сайловчилар билан 10 мингдан ортиқ учрашув ўтказган, уларда 800 мингдан ортиқ аҳоли вакиллари билан мулоқот олиб борилган. Жараёнда аҳолини ўйлантираётган 50 мингдан ортиқ масала аниқланиб, уларнинг 45 мингдан ортиғи ваколатли органлар ёрдамида ижобий ҳал этилган. 5 мингга яқин мурожаатнинг ечими бўйича мутасадди идоралар ва партия ташкилотлари билан биргаликда иш олиб борилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳлари томонидан ҳисобот даврида жами 3 243 та масала ва муаммо ўрганилган. Шундан 2 266 та масала доимий комиссияларга, 1 407 та масала сессияларга олиб чиқилиб, ижро ҳокимияти идораларига олдига аниқ вазифалар белгиланишига эришилган.

Шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига 22 531 та масала бўйича депутатлик сўровлари юборилиб, 17 675 та масала ижобий ҳал этилган.