Фарғона вилояти Қўштепа тумани «Хумдон» маҳалласидан бир гуруҳ фуқаролар таҳририятга мурожаат йўллашди. Мурожаатчилар яшайдиган ҳудудда «Тоза ҳудуд» давлат унитар корхонасига қарашли чиқиндихона мавжуд бўлиб, у ердан тарқалаётган заҳарли тутун аҳоли соғлигига жиддий хавф туғдирмоқда. Бу бўйича бир неча ташкилотга мурожаат қилинганига қарамай муаммо ижобий ҳал этилмаган.

Чиқиндихона маҳалладаги «Фарғона–Қўқон» катта автомобиль йўлига туташ бўлган ҳудудда жойлашган. Ҳолатни ўз кўзимиз билан кўрдик. У ердан таралаётган қўланса ҳидга инсон зоти чидаши қийин. Шамол бўлиб қолса у ердаги чиқиндилар атрофга учади, дарахтларга илашиб ётган елим халталар киши таъбини хира қилмасдан қолмайди.

«Мурожаат қилмаган ташкилотимиз қолмади. Лекин натижа йўқ. Ёзда жазирама об-ҳаво сабаб чиқинди уюмларидан газ чиққани боис олов чиқиб бир неча кун давомида тутаб турди. Орада масъуллар келиб ўчирди ҳам. Лекин жуда кўп вақт тутаб туради. Чиқаётган заҳарли газ ва тарқалаётган бадбўй тутун болалар соғлигига салбий таъсир қилмоқда. Нафас олиш йўлларимиз зарарланиб, аллергик касалликлар бошланмоқда.

Кечки пайт соат 19:00 атрофида тутун ҳиди шу атрофни эгаллайди. Катта йўлда ўтаётган машиналар ҳам шу ерга келганда ойналарини ёпиб ўтади. Биз эса яшаб келмоқдамиз. Айбимиз шу ерда яшаганимизми? Нега шунча мурожаатларга қарамай ҳамма сукут сақламоқда? Давлат минглаб одамлар тақдирига бефарқми?», деди маҳалла фаолларидан бири.

Аҳвол жуда ачинарли. Муаммо ечимини кутмоқда.

Шу йилнинг май ойида «Mahalla» газетаси мухбирлари ҳам вазиятни ўрганиб кетишган экан. Ўшанда вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш бўлими бошлиғи Фарҳоджон Холматов ҳам масалага изоҳ берган, бироқ вазият ёмонлашса ёмонлашганки, яхшиланмаган.