Абдисобир Раимқулов ЎзР Фанлар академияси Археологик тадқиқотлар институти етакчи илмий ходими, «Қадимги давр археологияси» бўлими бошлиғи ҳисобланади

— Ўзбекистонда археологик тадқиқотлар олиб бориш салоҳияти ва яратилаётган шароит, экспедициялар қилиш қандай йўлга қўйилган?

— Ўзбекистонда археологик тадқиқотлар олиб бориш салоҳияти юқори даражада десам хато бўлмайди. Ўтган асрнинг 70-80 йилларидан бошлаб археология фанининг турли йўналишлари, яъни тош даври археологияси, бронза ва илк темир даври археологияси, антик ва ўрта асрлар даври археологияси, археологик ёдгорликларни таъмирлаш ва тиклаш йўналишлари бўйича кўплаб мактаблар шаклланди ва бу мактаблар салоҳияти ҳозир ҳам жуда яхши.

Археологик тадқиқотларга яратилаётган шароит масаласига келсак, бу ҳозир бизни оғриқли нуқтамиз. Яратилаётган, яратилиши лозим бўлган шароит бевосита маблағ масаласи билан боғлиқ. Афсуски, археологик тадқиқотларга ниҳоятда кам маблағ ажратилмоқда ва биз мана шу кам маблағ ҳисобидан кўпроқ натижа олиш учун уни археологик қазишмаларга эмас, балки археологик қидирувларга, яъни археологик ёдгорликларни ҳисобга олиш, вилоятлар ва туманлар ҳудудлари ёдгорликларини ўзида жамлаган «Археологик ёдгорликлар каталоги» каби тадқиқотларга йўналтирмоқдамиз.

Ҳозир институтимизда ўндан ортиқ халқаро қўшма экспедициялар фаолият кўрсатмоқда ва археологик қазиш ишлари эса аксарият ҳолларда мана чет эллик ҳамкорларимиз маблағлари ҳисобидан амалга оширилмоқда.

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 792-сонли «Археологик тадқиқотларни тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Мана шу қарор юртимизда археологик тадқиқотларни янги босқичга кўтарилишига асос бўлади, деб умид билдираман.

— Сиз ҳақингиздаги маълумотларни ўқиганимда сизнинг археологик изланишларингиз асосан Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларига тўғри келар экан. Ушбу ҳудудларда ҳали фанга маълум бўлмаган археологик объектлар мавжудми?

— Менинг асосий илмий тадқиқотларим Қашқадарё воҳасида жойлашган археологик ёдгорликлар устида олиб борилган. Хусусан, номзодлик диссертациям Нахшабнинг илк ўрта асрлар даври қишлоқлари маданияти ҳақида эди. Нахшаб – ҳозирги Қарши воҳасининг қадимий номи бўлган. Қашқадарёнинг юқори қисмида эса Кеш воҳаси. Ушбу воҳалар бирлашиб Жанубий Суғдни ташкил этади.

Археология фанида Суғд — Суғдиёна шартли равишда бир неча воҳаларга бўлинади. Самарқанд вилояти ҳудуди — Марказий Суғд, Қашқадарё воҳаси — Жанубий Суғд, Бухоро воҳаси эса Ғарбий Суғд деб юритилади. Мен Қарши ва Кеш воҳаларининг ўндан ортиқ ёдгорликларида археологик қазишма ишлари олиб борганман.