Ислом корпорацияси қурол, спиртли ичимликлар, таваккалчиликка асосланган ўйинларни молиялаштирмайди. Хизматдан фойдаланган мижознинг маблағни ислом шариати қонунлари асосида сарфланиши ҳам назорат қилиб борилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 декабрдаги “Халқаро ва хорижий молия институтлари билан ҳамкорликнинг самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 майдаги “Ислом тараққиёт банки гуруҳи ва араб мувофиқлаштириш гуруҳи жамғармалари билан ҳамкорликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари ижросини амалга ошириш мақсадида, “Трастбанк” хусусий акциядорлик банки ва Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси ўртасида жорий йилнинг 22 август куни тузилган “Исломий дарча” хизматини банкда тадбиқ этиш бўйича келишувнинг шартларига мувофиқ, 2019 йилнинг 30-31 октябрь кунлари “Трастбанк” раҳбарияти ва Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси жамоаси вакиллари ўртасида ўзаро учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда “Трастбанк” хусусий акциядорлик банки раҳбарлари ва Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси жамоаси раҳбари Mohammed Maher Mannai, IT-лойиҳаларини бошқариш бўйича эксперти Ibrahim Al-Saywed ва лойиҳа менежери Музаффар Низомиддиновлар иштирок этди.
Таъкидлаш жоизки, исломий банкчилик – дунёнинг қатор мамлакатларида кенг қўлланиладиган молиялаштириш тамойилларига мос келадиган молиявий хизматларнинг муқобил туридир.
Учрашув давомида Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси жамоаси раҳбари Mohammed Maher Mannai ва лойиҳа менежери Музаффар Низомиддиновлар банк раҳбарияти ва тегишли бўлим мутахассисларига “Исломий дарча” тамойиллари ва ислом молияси тўғрисида ўз тақдимотларини намойиш қилдилар.

- Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва баракатуҳ, биринчи навбатда шуни мамнуният билан айтаманки, Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрганимиздан жуда мамнунмиз. Сабаби, бизнинг ташрифимизнинг асосий мақсади, “Трастбанк” орқали Ўзбекистонда истиқомат қилаётган мусулмон ва мусулмон бўлмаган аҳолига исломий-молиявий хизматларни таклиф қилиш, шунингдек ташрифимизнинг иккинчи сабаби, Имом Бухорий, Имом Муслим ва бошқа буюк уламолар юртига бўлган бизнинг меҳр-муҳаббатимиз, ана шу буюк алломаларимиз ўтган юрт бизни ўзига жалб қилади, - дейди Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси жамоаси раҳбари Mohammed Maher Mannai.




















