Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилади. Вазирлар Маҳкамасининг бу ҳақдаги тегишли қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Ҳужжат билан қуйидагилар:
Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордерини бериш тартиби тўғрисидаги низом;
Тазйиқ ва зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахсларнинг зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастуридан ўтиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда тазйиқ ва зўравонлик натижасида жабрланганлар, шунингдек тазйиқ ва зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахслар тўғрисидаги ягона электрон маълумотлар базасини шакллантиради ва унинг доимий равишда янгиланиб борилишини ҳамда ваколатли давлат органларига интеграция қилинишини таъминлайди.
Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордерини бериш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, ҳимоя ордери мувофиқ серия ва рақамга эга бўлган, қатъий ҳисоби юритиладиган, фақатгина тазйиқ ва зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахсларга нисбатан белгиланган чекловларни қайд этиш ҳужжат ҳисобланади.
Ҳимоя ордери ички ишлар органларининг таянч пункти профилактика (катта) инспектори томонидан берилади.
Профилактика инспектори жабрланган хотин-қизларга ва зўравон шахсларга қуйидагиларга асосан ҳимоя ордерини беради:
тазйиқ ва (ёки) зўравонликдан жабрланган хотин-қизларнинг мурожаати;
жисмоний ёки юридик шахсларнинг тазйиқ ва (ёки) зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар тўғрисидаги хабарлари.
Фуқаролар йиғинлари раислари ва фаоллари, хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислар ҳамда ваколатли органлар ва ташкилотлар ходимлари ёки бошқа юридик шахслар жабрланган хотин-қизлар бўйича маълумотга эга бўлган вақтда уни 24 соат ичида мувофиқ шаклдаги хабарномани ички ишлар органларига ёки профилактика инспекторига тақдим этади.
Жисмоний шахслар томонидан оғзаки ёки алоқа воситалари орқали берилган хабарлар, ички ишлар органлари навбатчилик қисмидаги хабарларни қайд этиш китобига ёки таянч пунктида юритиладиган фуқароларни қабул қилиш китобга қайд этилади ёки уларнинг хоҳишига кўра сир сақланишини таъминлаган ҳолда қонун ҳужжатларига мувофиқ қайд этилади.

















