Президентнинг 2026 йил 21 сентябрдаги «Меҳнат соҳасида хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳитини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–345-сон қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, давлат органлари ва ташкилотлари, устав капиталида давлат улуши камида 50 фоиз бўлган юридик шахслар ҳамда уларнинг улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган корхоналарда хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳитини таъминлаш дастури босқичма-босқич жорий этилади.
Дастур мулкчилик шаклидан қатъи назар, бошқа корхона, ташкилот ва муассасаларни ҳам қамраб олади.
2026 йил 1 декабргача Бошқарув самарадорлиги агентлигининг ахборот тизимларида давлат органлари ва ташкилотлари учун «Хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳити» ахборот портали ишга туширилади.
Портал орқали ахборот-коммуникация воситаларидан фойдаланган ҳолда иш жойидаги тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари бўйича онлайн мурожаат юбориш мумкин бўлади.
Агар тазйиқ ёки зўравонлик портал учун масъул ходим, унинг бевосита раҳбари ёхуд ташкилотнинг бошқа мансабдор шахси томонидан содир этилган бўлса, мурожаат автоматик равишда юқори турувчи идорага юборилади.
Тазйиқ ва зўравонликка оид мурожаатларни текшириш, далилларни тўплаш, хулоса тайёрлаш, ахборот алмашиш ва мулоқот жараёнлари ҳам портал орқали амалга оширилади.
Ўтказилган текширувлар, уларнинг натижалари, кўрилган чоралар ва ушбу қарорларнинг ўзгартирилишига оид маълумотлар порталда сақланади. Уларни йўқ қилишга йўл қўйилмайди.
Мурожаатда маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки жиноят аломатлари аниқланса, у «112» ягона диспетчерлик хизмати орқали қонунчиликда белгиланган тартибда ваколатли органга юборилади.
Бошқарув самарадорлиги агентлигига давлат органлари ва ташкилотларида дастур талабларининг аниқ ва бир хил бажарилишини портал орқали мониторинг қилиш ваколати берилди.
Агентлик мониторинг давомида аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш юзасидан кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш ҳуқуқига эга бўлади.

















