Ўзбекистон | 15:58 / 04.11.2019
8846
3 дақиқада ўқилади

ТИҚХММИ ректори глобал конфедерация ижро қўмитаси аъзоси этиб сайланди

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти (ТИҚХММИ) делегацияси 2019 йилнинг 28 октябрь куни Хитой Халқ Республикасининг Нанкин шаҳрида глобал конфедерациянинг бош ассамблеяси йиғилишида иштирок этди.

Ушбу бош ассамблеяда ТИҚХММИнинг қишлоқ хўжалиги ва табиий фанлар бўйича олий ўқув юртлари ассоциациялари Глобал конфедерацияси (GCHERA)даги кўп йиллик фаол меҳнатларини инобатга олиб, Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ мамлакатларининг ривожлантириш бўйича Қишлоқ хўжалиги университетлари (CASCADE) консорциуми раиси, ТИҚХММИ ректори Умурзаков Ўктам Пардаевич Ўзбекистон Республикаси ва конфедерация тарихида илк бор GCHERA’нинг Ижро қўмитасига 4 аъзодан бири сифатида сайланди.

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти жорий йилнинг сентябрь ойида ўзбек олий таълим муассасалари орасида биринчилардан бўлиб ХХРнинг Шимоли-ғарбий қишлоқ ва ўрмон хўжалиги университети (ШҒҚЎХУ) раислигидаги Ипак йўли қишлоқ хўжалиги таълими ва илмий инновациялар Альянсига аъзо бўлганди.

ТИҚХММИ делегацияси 2019 йилнинг 30 октябрида ШҒҚЎХУ жойлашган Янлинг шаҳрига қилган сафари чоғида музокараларни давом эттириб, илмий тадқиқот институтлари, ўқув лабораториялари, университет музейи ҳамда тажриба участка ва станцияларини масофавий мониторинг маркази билан яқиндан танишди.

Музокаралар давомида ТИҚХММИ ўқув тажриба хўжалиги қошида «Хитой-Ўзбек Сув тежовчи қишлоқ хўжалиги илмий технологик парки»ни ташкил этиш бўйича шартнома имзоланди.

Ушбу илмий технологик парк Марказий Осиёда Хитой-Ўзбек ҳамкорлигининг илк модели бўлиб, қишлоқ хўжалиги фанлари ва технологиялари, инновация ҳамда ишланмаларни татбиқ этиш бўйича муҳим платформа бўлиб хизмат қилади.

Яқиндагина тасдиқланган 2020-2030 йилларда Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегиясида ҳамда 2019 йилнинг 6 сентябрида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг пировард масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришига рақамли технологияларни татбиқ этиш, ерлар, экин майдонлари ва ўрмон массивлари ҳолатини ишончли баҳолаш мақсадида космик зондлаш ишларини ўтказиш бўйича муҳим масалалар белгилаб олинди.

Жорий йилнинг 31 октябрь куни Пекин шаҳрида ГИС дастурий маҳсулотлари ва технологиялари Халқаро конференцияси (GTC 2019 – GIS Software Technology Conference) доирасида SuperMap International компанияси Географик ахборотлар жамияти Хитой Ассоциацияси ва Хитой Фанлар Академияси билан ҳамкорликда Халқаро форум ташкил этди. Шу куни ТИҚХММИ ректори, профессор Умурзоқов Ўктам Пардаевич, CASCADE Ижрочи котиби, профессор Пўлатов Алим Салимович ва SuperMap Software Вице президенти, хоним Ду Чинге (Mrs. Du Ginge) ўртасида тантанали равишда ҳамкорлик шартномаси имзоланди.

Имзоланган ҳамкорлик шартномаси ТИҚХММИ ва CASCADE Консорциумига Ўзбекистон Республикаси ҳамда Марказий Осиёда SuperMap дастурларининг биринчи лицензион фойдаланувчилари бўлиб, талабалар, магистрантлар, докторантларга, шунингдек вазирлик ва қўмиталарнинг мутахассислари малакаларини оширишда дарс жараёнларини ушбу платформада олиб бориш имкониятини беради.

Мавзуга оид