Жаҳон | 08:35 / 07.11.2019
5164
2 дақиқада ўқилади

Twitter’нинг икки ходими Саудия Арабистонига айғоқчилик қилишда айбланди 

Фото: REUTERS

АҚШда Twitter компаниясининг икки собиқ ходими Саудия Арабистонига айғоқчилик қилишда айбланмоқда. Бу ҳақда РИА “Новости” ахборот агентлиги хабар берди. 

Суд хулосасига кўра, уларга “хорижий ҳукумат агенти бўлиб ишлаш” моддаси бўйича айблов қўйилган. 

АҚШ федерал прокурори Дэвид Андерсоннинг таъкидлашича, айбланувчилар Twitter’нинг ички маълумотларида Саудия Арабистонини танқид қилувчилар ва бошқа минглаб фойдаланувчилар ҳақида ахборот излашган. 

Айбланувчилардан бири, АҚШ фуқароси Аҳмад Абуаммо қарашлари Саудия Арабистонининг расмий қарашларидан фарқланган уч фойдаланувчи ортидан кузатув олиб боришда ҳамда ФҚБ терговига қаршилик кўрсатиш мақсадида ҳужжатларни қалбакилаштиришда айбланмоқда. Иккинчи айбланувчи Саудия Арабистони фуқароси Али Алзабара бўлиб, у Саудия Арабистони илтимоси билан Twitter’нинг 6 мингдан кўпроқ аккаунтига кирган.

Саудия Арабистонининг яна бир фуқароси подшоҳлик ва Twitter ходимлари ўртасида воситачилик қилишда айбланмоқда.
 
Washington Post нашрининг манбаларга таяниб ёзишича, айбланувчилар топшириқларни Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмонга тегишли хайрия жамғармаси раҳбаридан олишган.

Мавзуга оид