Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинаётган энг катта мавзулардан бири бу «буханка» нон нархи ошиши бўлди. Дастлаб, буғдой, ун ва нон маҳсулотлари нархи бозор тамойилларига асосан эркин қўйиб юборилиши эълон қилинганда ҳисобга-китобларга кўра нон нархи 1500 сўм атрофида бўлиши билдирилганди. Аммо тахминлар ўзини оқламади ва «буханка» баҳоси яна кўтарила бошлади. Бу ҳолатнинг сабабларини ўрганиш, кўзда тутилаётган чора-тадбирлар билан танишиш мақсадида таҳририятимизга соҳа экспертларини таклиф қилдик.

Суҳбатдошларимиз Молия вазирлиги агросаноат мажмуаси молияси ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишни молиялаштириш бошқармаси бошлиғи Тўлқин Мирзаев ва Давлат статистика қўмитаси нархлар статитистикаси бошқармаси бошлиғи Мухтор Умаров бўлишди.

– Буханка нон нархининг бу қадар кескин ошишига нима сабаб бўлди? Ахир режа бўйича нарх 1450-1500 сўм атрофида тўхташи керак эдику?

Тўлқин Мирзаев, Молия вазирлиги агросаноат мажмуаси молияси ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишни молиялаштириш бошқармаси бошлиғи

Тўлқин Мирзаев: – Нон нархи ошгани рост, аммо 2000-2500 сўмга чиқиб кетди, деган гапларга қўшилмайман. Нархнинг ўртача диапазони 1600-1700 сўм атрофида турибди. Бу ҳам барибир прогнозларга нисбатан баланд нарх. Бундай вазият юзага келишига бир неча омиллар сабаб бўлди:

1. Энг асосийси, ҳали нон ишлаб чиқарувчилар ўртасида ҳақиқий рақобат муҳити шаклланиб улгурмади, ишлаб чиқарувчиларнинг норасмий тарзда ҳудудий бўлиниши (бир ишлаб чиқарувчи чекланган жойга маҳсулот бериши) давом этяпти;

2. Нон ишлаб чиқарувчилар ўз қувватининг 50 фоизидан ортиқроғидан фойдаланишяпти, бу жиҳатдан эскича тартибда ишлашяпти, сабаби, уларга олдин ун чекланган миқдорда берилган, истасалар ҳам тўла қувват билан ишлай олишмаган. Уларнинг эркин тамойилларга ўтиши, маҳсулот ҳажмини ошириши ва янги бозорлар излаши учун вақт керак. Ҳозир шу ўтиш даври нархга таъсир қилди;

3. Мавсумий омил: агар нон нархи эркинлаштирилиши буғдой ўрими мавсумига тўғри келганида, балки биз нарх ошишини сезмасдик ҳам. Аммо биламизки, куз-қиш мавсумида нон истеъмоли ошади, талаб кўпаяди. Бундан ташқари, нарх либераллаштирилуви пахта терими даврига тўғри келиб қолди. Бу мавсумда эса айнан буханка нонга талаб кескин ошади;