Евросиё иқтисодий иттифоқи мавзуси кўтарилгач Ўзбекистон ҳукумати бу иттифоққа кириш ёки кирмаслик ҳақида қарор қабул қилишдан олдин барча маълумотлар, имкониятлар ва таҳдидлар яхшилаб таҳлил қилиб чиқилишини маълум қилганди.

Куни кеча Олий Мажлис Сенати қўмита раиси ўринбосари Одилжон Иминов Kun.uz’га берган интервюсида иттифоққа кириш қарорини ёқлаб, иқтисодий манфаатдорликни аргумент сифатида келтириб ўтди. Фикримча, иқтисодий важни асос қилишда назариядан ташқари амалий маълумотларга кўз тиксак тўғри тушунча ҳосил бўлади.

Рақамлар сўзлаганда

Сенатор жаноблари иқтисоднинг асосий кўрсаткичлари сифатида экспорт ва импорт ўртасидаги «савдо баланси» фарқини айтиб ўтган. Дарҳақиқат, мамлакат маҳсулотлари жаҳонда қанчалик талабга эга бўлса, бойиш шунчалик осон кечади. Шу билан бирга, экспорт қилинаётлан товарлар иложи борича каттароқ қўшилган қиймат билан ишлаб чиқарилган бўлиши талаб этилади. Асосан хом ашё маҳсулотлари экспорти билан чекланиш тайёр маҳсулотларни ташқаридан кўпроқ импорт қилишни тақозо этади. Бу дегани мамлакатда ишлаб чиқариш ривожланмайди, ишсизлик суръати ошиб боради, солиқ тушумлари камаяди, натижада мамлакат қашшоқлашиб боради. Бу ҳақда узоқ ёзиш мумкин, лекин, келинг бевосита ЕОИИ савдоси билан боғлиқ рақамларга мурожаат қилайлик.

  • ЕОИИ ташқи бозор баланси (яъни иттифоққа кирмаган бошқа давлатлар билан соф савдо ҳажми)

Жадвал Евроосиё иқтисодий комиссияси маълумотлари асосида тайёрланган

Юқоридаги рақамлар қуйидагиларни кўрсатяпти: Қирғизистон ва Арманистон ЕОИИга аъзо бўлгач, ҳеч қачон ижобий савдо балансига чиқа олмаган. Яъни, бу давлатлар ўз маҳсулотларини ташқи бозорга импортни қоплайдиган даражада таклиф қила олмаган. Беларусга келсак, бу давлат ўзининг мавжуд саноат салоҳиятига қарамай, савдо балансини барқарор ушлаб туришга эриша олгани йўқ. Беларусликлар 2018 йили 4,29 млрд АҚШ долларига тенг савдо балансига эга бўлган бўлса, жорий йил якунигача бу кўрсаткич зўрға 2 млрд АҚШ долларигача чиқиши кутиляпти.

Россия ва Қозоғистон савдо баланси мусбат кўрсаткичга эга, яъни бу давлатларнинг экспорт улуши ташқи савдо амалиётларида импортга нисбатан кўпроқ.