Ўзбекистон | 09:17 / 13.11.2019
16394
2 дақиқада ўқилади

Nukus city қурилиши туфайли 400дан ортиқ уй бузилади

Фото: ЎзА

Нукус шаҳри марказида Nukus city шаҳарчаси қурилиши учун белгиланган ҳудудда 400дан ортиқ хусусий уйлар босқичма-босқич бузилиши белгиланган.

ЎзА’нинг ёзишича, шаҳар ичидаги янги шаҳарнинг қурилиш ишлари келгуси йилда бошланади. 

Бугунги кунда Nukus city лойиҳасининг янги варианти ишлаб чиқилган. Янги шаҳарча шаҳар марказидан оқиб ўтувчи “Дўстлик” каналининг чап қирғоғидаги майдонга, яъни “Турон” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли ҳудудда барпо этилади. Қурилиш объектлари учун биринчи босқичда 43 гектар ер майдони танланган бўлса, иккинчи босқичда бу 53 гектарга етказилди. Nukus city'нинг умумий майдони 70 гектардан ортиқ бўлади.

Қурилиш учун белгиланган ҳудудда 400дан ортиқ хусусий уйлар босқичма-босқич бузилиши белгиланган. Ижтимоий аҳамиятга эга баъзи йирик объектлар – масжид, спорт коллежи, сув бассейни, футбол стадиони ва янги қурилган 4-5 қаватлик уйлар бузилмайди.

Nukus city'да дастлаб 16 қаватлик уйлар қурилиши режалаштирилган. Ундан ташқари 20 қаватли меҳмонхона, бизнес марказлари, кўнгилочар масканлар, банклар, савдо дўконлари қурилиши ҳам назарда тутилган.

Хусусий уйларни бузиб, кўчириш ишлари 3 босқичда олиб борилади. Биринчи босқичда 140та уйнинг бузилиши ва унинг эгаларини бошқа жойга кўчириш ишлари режа қилинган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид