Ўзбекистон | 10:37 / 16.11.2019
21815
2 дақиқада ўқилади

Давлат улуши мавжуд барча корхоналар хусусийлаштирилади

Фото: Shutterstock

Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Сунатулла Бекенов Бирлашган миллатлар ташкилотининг халқаро эксперти Жейко Савични қабул қилди.

 Учрашувда дастлаб, агентлик фаолияти, асосий функция ва вазифалари ҳамда яқин келажакдаги режалари тўғрисида батафсил маълумот берилди.

 Қайд этилганидек, давлат бюджетига умумий тушумнинг асосий қисмини корхоналар ва активлар ҳисобидан тушадиган дивидендлар (тахминан 70 фоизи), хусусийлаштириш ва давлат мулкини ижарага беришдан тушган тушумлар ташкил қилади.

 “Стратегик аҳамиятга эга бўлган корхоналардан ташқари, давлат улуши мавжуд барча корхоналар босқичма-босқич хусусийлаштирилади”, деди агентлик директори.

 Корхоналарнинг хусусийлаштирилиши давлат бюджетини тўлдириш учун эмас, балки ишлаб чиқариш самарадорлиги ва бизнесда рақобат муҳитини яхшилаш мақсадида қилиниши лозимлигини алоҳида таъкидлади. Бу йўналишдаги ишлар асосан стратегик инвесторлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётганлиги боис, юзага келиши мумкин бўлган ишсизлик даражаси ортиш хавфининг юқори бўлмаслиги айтилди.

 Учрашувда шунингдек, Бирлашган миллатлар ташкилоти ривожлантириш дастури ва унинг аҳамияти ҳақида ҳам сўзлаб берилди.

 Давлат корхоналари ва активлари ҳисобидан бюджетга тушумнинг умумий миқдори ва таркиби, хусусийлаштирилиши ёки давлат бошқарувида қолдирилиши режалаштирилган корхоналар ҳақида сўз борди.

  Учрашув якунида самарали ҳамкорликка келишиб олинган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид