Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини талаб даражасида ушлаб туриш учун 17 трлн сўм маблағ кетади
2019 йилда эса давлат бюджетидан 4 триллион сўм атрофида маблағ ажратилган.
Ўзбекистондаги жами автомобиль йўллар тармоғи 184 минг километрдан зиёд узунликда бўлиб, ундан 42 минг 676 километри умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари, 116 минг 560 километри ички хўжаликлараро, қишлоқ, шаҳар ва овулларнинг автомобиль йўлларига тўғри келади. 24 минг 750 километр эса идоравий инспекторлик йўллари тармоғи ҳисобланади.
Бу ҳақда бугун, 21 ноябрь куни Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари давлат қўмитаси расмийлари иштирокида ўтган брифингда маълум қилинди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
«42 минг километрдан ортиқ бўлган умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларининг барчасини кўнгилдагилек ва талаб даражасида ушлаб туриш учун 17 триллион сўмдан зиёд маблағ кетади. Жорий йил давлат бюджетидан 4 триллион сўм атрофида маблағ ажратилган. Аммо бу пуллар йил мобайнида бажариши лозим бўлган ишларимизга етмаслиги боис чет эл ва хусусий сектор маблағларини жалб қилиш бўйича қатор ишларни амалга оширяпмиз.
Олдин халқаро молия институтларидан фақатгина Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорлик қилардик. Бугунги кунда эса Ислом тараққиёт банки, Жаҳон банки, Осиё инфратузилмани ривожлантириш банки, Саудия тараққиёт банки билан ҳам ўзаро турли лойиҳалар устида ишлар олиб боряпмиз», – деди «Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш дирекцияси» ДУК директори ўринбосари Фаҳриддин Бекназаров.
Тадбирда таъкидланишича, жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида Инвестиция, «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари асосида республикадаги 9 минг 477,5 километр автомобиль йўлларида қуриш, қайта қуриш, таъмирлаш ва сақлаш ишлари амалга оширилди.
2019 йил якунига қадар 10 минг 116,0 километр автомобиль йўлларида қурилиш, реконструкция ва таъмирлаш ишлари бажарилиши режалаштирилган.
Халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда умумий қиймати 814,0 млн. АҚШ доллари (шундан 599,0 млн. АҚШ доллари – халқаро молия институтлари, 215,0 млн. АҚШ доллари – Ўзбекистон Республикаси улуши) бўлган 4та лойиҳа, яъни:
- Осиё тараққиёт банки иштирокида – 198,0 млн. долл. эвазига «Қарши-Шаҳрисабз» йўналишидаги автомобиль йўлининг 77 км қисмини реконструкция қилиш;
- Осиё тараққиёт банки иштирокида – 150,0 млн. долл. эвазига А-380 «Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу» автомобиль йўлининг 87 км қисмини реконструкция қилиш;
- Саудия тараққиёт жамғармаси ва Кувайт араб иқтисодий тараққиёт жамғармаси иштирокида – 51,0 млн. долл. ҳисобига «4Р87 Ғузор-Чим-Кўкдала» автомобиль йўлининг 35 км қисмини реконструкция қилиш;
- Жаҳон банки иштирокида – 200,0 млн. долл. эвазига Тошкент, Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятлари маҳаллий автомобиль йўлларини ривожлантириш лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Юқоридагилардан ташқари:
- Германиянинг «Папенбург» компанияси билан асфальтбетон маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхона ташкил этиш,
- Хитой Халқ Республикасининг «Кингдао Лефенг Интернейшнл Трейдинг» компанияси билан ҳамкорликда автомобиль йўлларида йўл чизиқларини чизиш учун бўёқлар ва термопластлар ишлаб чиқариш,
- Жанубий Корея Республикасининг «Царис» компанияси билан йўл жиҳозлари ишлаб чиқаришни ташқил қилиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Мавзуга оид
13:01 / 04.03.2023
“Кадрлар алмашмагунча йўлларимиз яхшиланмайди” – мустақил тадқиқотчи
20:31 / 12.12.2021
Одамлар ўлимига сабаб бўлаётган юқори тезлик ва кенг йўллар: муаммо ечими нимада?
21:09 / 25.05.2020
«Тошкент – Андижон» пуллик автомобиль йўли лойиҳаси бўйича тендер ўтказилади
18:50 / 25.11.2019