Чемпионлар Лигасида 5-тур ўйинлари ниҳоясига етди ва нимчорак финал иштирокчиларининг ярми – 8 жамоа расман баҳорги иштирокини нақ қилди. Булар «ПСЖ», «Реал», «Бавария», «Тоттенҳэм», «Манчестер Сити», «Ювентус», «Барселона» ва «Лейпциг» жамоаларидир.

Қолган 8 йўлланма учун яна 15 клубда имконият сақланиб қолган. Иккита гуруҳда биринчи ва иккинчи ўринлар нақд бўлиб улгурган. Баъзи гуруҳларда ғолиблар маълум бўлса-да, ким қайси ўринда чиқиши маълум эмас.

«А» ва «В» гуруҳларида барчаси аниқ: 1/8 финалда «ПСЖ», «Реал», «Бавария» ва «Тоттенҳэм» ўйнайди. «ПСЖ» гуруҳ босқичини мағлубиятсиз ўтказмоқда, «Бавария» эса бирорта очко йўқотмади.

 

Моуриньо ўз фаолиятида олтинчи клуб билан плей-оффда ўйнайди (бунгача «Порту», «Челси», «Интер», «Реал» ва «МЮ» билан).

4 жамоа – «Локомотив», «Генк», «Славия» ва «Лилль» умуман баҳорда ҳатто Европа Лигасида ўйнаш ҳуқуқидан ҳам расман маҳрум бўлди.

Гуруҳлардаги ўринлар, Европа Лигаси учун рақобат ҳақидаги мулоҳазаларни кейинга қолдирайлик-да, келинг, айнан ўша 8 йўлланма тақдири борасида фикр юритамиз.

«ШАХТЁР»«ДИНАМО» Ё «АТАЛАНТА»?

С гуруҳида «Манчестер Сити» расман гуруҳ ғолибига айланди. Кейинги йўлланма учун эса, қолган уч жамоада ҳам имконият бор.

Украинада «Шахтёр» «Аталанта»ни қабул қилади. Агар мезбонлар ғалаба қозонадиган бўлишса, гуруҳда 2-ўринни нақд қилишади. Аксинча, италияликлар устун келишса, улар «Шахтёр»ни қувиб ўтишади ва иккинчи ўринга кўтарилишлари мумкин. Мумкин дейилганининг сабаби, Загребда «Манчестер Сити»ни қабул қиладиган «Динамо» ҳам бор.

Хуллас, «Шахтёр» плей-оффга чиқиши учун «Аталанта»ни енгиши ёки дуранг ўйнаб, «Манчестер Сити» Загребда ютқазмаслигидан умид қилиши керак.