Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида янги Уй-жой кодекси лойиҳаси эълон қилинди.

Уй-жой тўғрисидаги қонун ҳужжатлари фуқаролар, юридик шахслар, давлат бошқарув органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қуйидаги масалалар бўйича муносабатларини тартибга солади:

турар жойларга мулк ҳуқуқининг юзага келиши, ўзгартирилиши ва бекор қилиниши;

уй-жой фондидаги турар жойлар ва умумий мулкдан фойдаланиш;

биноларни турар жойлар ва нотурар жойлар тоифасига киритиш;

уй-жой фондини ҳисобга олиш;

турар жойларни сақлаш ва таъмирлаш;

кўп квартирали уйларни бошқариш;

фуқароларнинг уй-жой ҳуқуқларига риоя этилиши ва уй-жой фондидан мақсадли фойдаланиш устидан назорат қилиш.

Уйларни қуриш, турар жойларни қайта қуриш ва ўзгартириш, муҳандислик қурилмаларидан фойдаланиш, коммунал хизматлар билан таъминлаш билан боғлиқ муносабатлар ушбу Кодекс ва бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Агар қонунда ёки Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, уй-жой тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг қоидалари чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, чет эл юридик шахслари иштирокидаги уй-жой муносабатларига нисбатан қўлланилади.

 Уй-жой тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Кодекс ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар уй-жой муносабатлари уй-жой тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинмаган бўлса, ерга оид қонун ҳужжатлари ҳамда шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ана шу муносабатларни тартибга солишга тааллуқли қисми қўлланилади.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг уй-жой тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

Уй-жой дахлсиздир.

Ушбу Кодексда ва бошқа қонунларда назарда тутилган бошқа мақсад, ҳамда суд тартиби ва суд қарорига асосланган ҳоллардан ташқари, ҳеч ким қонуний асосларга кўра ушбу уйда яшовчиларнинг розилигисиз ушбу уй-жойга киришга ҳақли эмас.