Африкалик талаба 100 йиллик жумбоқни еча олди
Лозанна политехника мактабининг (Швейцария) тунислик талабаси Васим Довудий 100 йил давомида тушунтириб берила олинмаган физик ҳодисанинг сабабини аниқлай олди.
Довудий вертикал ҳолатда турган, ичида суюқлик бўлган қувурда ҳаво пуфаги газли сув бутилкаси қопқоғи очилгандаги каби юқорига кўтарилмай, жойида туришининг сабабини аниқлади.
Аниқланишича, ҳаво пуфаги аввал тахмин қилингандек қувурга ёпишиб турмай, балки жуда секин ҳаракатланади. Бу ҳаракатни оддий кўз билан илғаб бўлмайди. Бундан ташқари, талаба пуфак ва суюқлик орасида жуда юпқа қатлам борлигини аниқлаган. Айнан шу қатламнинг кўрсаткичлари ҳавонинг юқорига кўтарилиш-кўтарилмаслигига таъсир қилади.
Ушбу юпқа қатлам ўлчами миллиметрнинг миллиондан бир улушини ташкил қилади. Талаба буни аниқлаш учун қувурдаги пуфакка нур йўналтирган ва қувурнинг ички сиртидан қайтган ёруғлик билан пуфак сиртидан қайтган ёруғлик ўртасидаги интерференцияни таҳлил қилиб, пуфак ва қувур орасидаги суюқлик қатламини аниқ ўлчай олган.
Таъкидланишича, ушбу илмий иш натижалари келгусида суюқликларнинг нанодиапазонда ҳаракатланишида ҳосил бўлувчи ҳодисаларни ўрганишда асқотиши мумкин.