1960-йилларда Мисрда ислом банк тизимининг пайдо бўлиши оламшумул воқеалик эмас эди, аммо ярим асрдан кўпроқ вақт давомида ушбу соҳа барқарор ривожланиб келмоқда. Сўнгги йилларда Ислом молия тизими тушунчаси кўплаб мамлакатлар молиячиларининг сўз бойлигидан мустаҳкам ўрин олди. Дарҳақиқат, турли мамлакатларда, ҳаттоки аксарият аҳолиси ислом динига мансуб бўлмаган давлатларда ҳам, жумладан АҚШ ва Буюк Британияда, ушбу молиявий институт анъанавий банк хизматларига альтернатив молиялаш тизими сифатида барқарор ривожланмоқда. Шунинг учун ислом банкчилигини ўрганиш глобал иқтисодиётда долзарб мавзу ҳисобланади. Анъанавий банк тизимига альтернатив молиялаш шакллари мавжудлигини билиш қизиқарли ва фойдалидир.

Ҳусан Ҳасанов

Йиллик 15-20 фоиз ўсиш суръатига эга Исломий банк дунё бўйлаб ўзининг уфқларини кенгайтирди ва 75 дан ортиқ мамлакатда ўз муассасаларига эга.

Ўзбекистон Республикаси Ислом Тараққиёт Банкига (ИТБ) 2003 йилда аъзо бўлган. Ушбу қисқа муддатли ҳамкорлик давомида ИТБ Гуруҳининг Ўзбекистондаги портфели кўп жиҳатдан Ҳукумат билан фаол ҳамкорлик туфайли жиддий миқдорда ўсди. Бу эса Ўзбекистон Республикаси Инвестициявий дастурлари қатор устувор миллий лойиҳаларининг молияланиши маъқулланишида намоён бўлди. Айни пайтда ИТБнинг Ўзбекистондаги портфели Марказий Осиё ҳудудида энг йирик (1,8 млрд. доллардан зиёд) ҳисобланади.

UzAnalitycs таҳлилий сайти мухбири Ислом Тараққиёт Банкининг Ўзбекистондаги вакили Ҳусан Ҳасанов билан ИТБ ва Ўзбекистон банклари ўртасидаги ҳамкорлик ҳамда республикада Исломий молиялаш тизимининг ривожланиш истиқболлари ҳақида суҳбатлашди.

Ҳусан Ҳасанов 2012 йилдан буён Ислом Тараққиёт Банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонасини бошқариб келади, ўзбек, рус, инглиз ва немис тилларини билади, шунингдек, араб тилида фикрларини ифодалай олади.

– Исломий тамойилларга асосланган молиялаштиришнинг аньанавий банк тушунчаларидан фарқи ва моҳияти нимада?

– Исломий молиялаштиришнинг аньанавий молиялаштиришдан асосий фарқи шундан иборатки, исломий молия фойда ва зарарни бўлишиш ҳамда реал активларга асосланган молиялаштиришни ўзида намоён қилади. Бошқача қилиб айтганда, исломий молиялаштириш шерикчиликка, ҳамкорликка асосланган. Бунда исломий банклар мижоз талаби бўйича объектни қуриб бериши, асбоб-ускуналар, товар, ҳомашёлар сотиб олиб бериши ёки уларни ижарага бериши мумкин. Молиялаштириш асосида савдо амалиёти ётади. Пул муомала воситаси сифатида кўрилади, яъни пулни ўзини фоизга ёки бирон-бир наф/фойда эвазига қарз сифатида бериш тақиқланади. Ижара ёки исломий лизингни унга муқобил бўлган анъанавий лизингга автомобиль сотиб олишни солиштирадиган бўлсак, анъанавий банк аввал сиз билан лизинг шартномасини тузади, кейин 25 фоиз ёки банкни ихтиёрига қараб бошқа миқдорда олдиндан тўлов олади, кейин мижоз салон билан автомобиль олди-сотди шартномасига асосан тўловни амалга оширади. Кейин йиллик 25 фоиз (мисол тариқасида) миқдорида устама ҳақини ҳисоблаб, сизга 3 йилга бир хил тўловда ойма-ой тўлаш жадвалини тақдим этади. Тўлов кечикадиган бўлса, унга нисбатан жарима сифатида комиссия ундирилади ва у фойдага киритилади.