12 декабрь куни сиёсий партиялар вакиллари ва Ўзбекистондаги хорижлик дипломатлар ўртасида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда АҚШ, Буюк Британия ва Жанубий Корея элчилари ҳамда БМТнинг Ўзбекистондаги бош координатори қатнашди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, тадбирда бундай форматдаги давра суҳбати Ўзбекистон тарихида илк марта ўтказилаётгани таъкидланган.

Давра суҳбати МСКнинг Халқаро матбуот марказида ўтказилди

Учрашувда дипломатлар Олий Мажлис депутатлиги учун номзодларга ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилди. Хорижлик ҳар бир делегат навбатма-навбат тарзда 3-4тадан савол билан ўзбек сиёсатчиларига юзланди.

Жумладан, АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниел Розенблюм партиялар вакилларига депутатликка номзодини қўйишлари учун нима туртки бўлгани, улар вакил бўлаётган ўз ҳудудларидаги аҳоли муаммоларини қандай ҳал этмоқчилиги, партияларнинг ташқи сиёсат борасидаги фикрлари билан қизиқди.

Дэниел Розенблюм

Унинг «Сиз партияни танладингизми ёки партиялар сизларга аъзолик бўйича таклиф билан чиқишганми?» дея берган саволига бешта партия вакилидан уч нафари ташаббус партиялардан чиққанини билдирди.

Америкалик дипломатнинг ташқи сиёсат бўйича саволига жавоблар эса Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи ва Жаҳон Савдо Ташкилотига аъзолик масалаларига уланиб кетди. Тўртта партия ЕОИИга қўшилиш борасида ижобий фикр билдирган бўлса, «Миллий тикланиш» ҳозирча бу борада ўрганишлар давом эттирилиши лозим, деб ҳисоблашини билдирди.

Жанубий Кореянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Кан Чжэ Квон ҳам америкалик ҳамкасбининг саволини давом эттириб, партиялар ўз номзодларини парламент аъзолигига уларнинг қайси фазилат ва сифатлари учун илгари сургани, умуман депутатлик учун номзодлар қандай умумий мезонлар асосида саралаб олингани ҳақида савол берди.