Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Низомга кўра, нотариус фаолиятини лицензиялаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан амалга оширилади.

Нотариусни ҳисобга қўйиш ва уни ҳисобдан чиқариш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари томонидан амалга оширилади.

Нотариус ҳисобга қўйилганидан сўнг, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари бу ҳақда эртасидан кечиктирмай Нотариал палатанинг тегишли ҳудудий бошқармасига хабарнома юборади. Хабарнома Нотариал палатанинг тегишли ҳудудий бошқармасига келиб тушган пайтдан эътиборан Нотариал палатанинг аъзоси бўлади ва нотариус мақомига эга бўлади.

Нотариус юридик шахс ташкил этмасдан ўз идорасига эга бўлади, банкда ҳисоб рақам ва бошқа ҳисоб варақлар очади, ходимлар билан меҳнат шартномалари тузади ва уларни бекор қилади, иш фаолиятини ташкил этиш учун мутахассислар ёки юридик шахслар билан фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар тузиш ҳуқуқига эга.

Нотариус ўзининг фаолиятини бошлашдан олдин ўз фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилдириши шарт.

Нотариус фаолият юритадиган бино ўзининг нотариал округи доирасида жойлашган бўлиши шарт.

Нотариуснинг номида “хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус” сўзлари бўлиши, тегишли туман, шаҳар кўрсатилиши лозим.

Нотариуснинг номида унинг фамилияси, исми ва отасининг исми кўрсатилади. Мисол учун: “Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳридаги хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Ашуров Дилшод Рустамович” деб номланади.

Нотариуснинг муҳри Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланган ягона намунага мувофиқ тайёрланади.

Нотариус ўз муҳрининг эскизини келишиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармаларига тақдим этади.

Нотариус муҳрининг эскизи Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 28 августдаги 401-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган муҳрлар ва ҳужжатлар бланкалари тайёрлаш, фойдаланиш, сақлаш ва йўқ қилиш тартибига мувофиқ кўриб чиқилади ва натижаси ҳақда нотариусга хат берилади.