Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларнинг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш қоидалари тасдиқланади.
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори лойиҳасига кўра, Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларнинг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус томонидан нотариал ҳаракатлар натижасида зарар кўрган учинчи шахсларнинг мулкий манфаатларини суғурта тўловлари орқали ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилган.
Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус ўз касбий мажбуриятларини бузиши оқибатида етказиладиган зарардан жисмоний ва юридик шахсларни ҳимоя қилиш мақсадида ўзининг фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилдириши шарт.
Қуйидагилар оқибатида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларнинг фуқаролик жавобгарлигининг юзага келиши суғурта ҳодисаси ҳисобланмайди:
нотариусга мурожаат қилган шахс томонидан нотариал ҳаракат амалга ошириш билан боғлиқ ёлғон маълумотлар, ҳақиқий бўлмаган ёки сохта ҳужжатлар тақдим этилиши;
агар нотариусга мурожаат қилган шахс у амалга ошириш ҳақида мурожаат қилган нотариал ҳаракат ҳуқуқ ва манфаатларига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган бошқа шахсларнинг йўқлиги ёки мавжудлигини билдирмаган бўлса.
Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуснинг нотариал ҳаракатларни амалга ошириш натижасида учинчи шахсларга етказилган зарарни ўрнини қоплаш бўйича фуқаролик жавобгарлиги қонун ҳужжатларига мувофиқ юзага келиши билан боғлиқ бўлган мулкий манфаатлари мажбурий суғурта объекти ҳисобланади.
Мажбурий суғурта шартномаси бўйича суғурта пули қуйидаги миқдордан кам бўлиши мумкин эмас:
Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоят марказларида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус фаолиятини ташкил этиш учун унинг фуқаролик жавобгарлиги базавий ҳисоблаш миқдорининг камида бир минг баравари миқдорида;
бошқа аҳоли пунктларида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус фаолиятини ташкил этиш учун унинг фуқаролик жавобгарлиги базавий ҳисоблаш миқдорининг камида беш юз баравари миқдорида.
Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус нотариал фаолиятни амалга оширишда мажбурий суғурта шартномасини тузиши шарт.















