Жаҳон | 11:30 / 15.12.2019
44994
3 дақиқада ўқилади

Суданнинг собиқ президентига ҳукм ўқилди

Судан пойтахти Хартум шаҳри суди мамлакатнинг  собиқ президенти Умар ал-Баширни коррупция, ноқонуний совғалар олиш ва хорижий валюта сақлашда айблаб, икки йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Жорий йилнинг апрель ойида ҳукуматдан ағдарилган ал-Башир муддатни қамоқда эмас, ахлоқ тузатиш колониясида ўтайди, чунки Судандаги қонунларга кўра 70 ёшдан ошган киши қамоққа жўнатилмайди.

Суд шунингдек, тўнтариш вақтида президент қароргоҳидан топилган пулларни мусодара қилишга қарор чиқарган. Ўшанда терговчилар қароргоҳдан 6 млн евро, 351 минг доллар ва 5 млрд судан фунти (105 млн доллар атрофида) миқдоридаги пулни олиб кетишганди.

Суд жараёни вақтида ал-Башир пулларнинг асосий қисми Саудия Арабистони подшоҳлигининг валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмондан келгани ҳақида маълумот берганди. Собиқ президент пулларни ўз эҳтиёжларига эмас, хайрия мақсадида сарфлаб келганини таъкидлаган.

Умар ал-Башир суд ҳукмини миллий оқ либос кийган ва бошига салла ўраган ҳолда тинглаган. У суд ҳукмига эътироз билдирмаган.

Суд қарори чиқарилиши арафасида собиқ президентнинг юзлаб тарафдорлари Хартумдаги президент саройи олдида тўпланишди. Бу ҳудудга ҳарбийлар ва ҳарбий техника жойлаштирилган, саройга кириш йўли ва Мудофаа вазирлиги биносига олиб борадиган йўл тўсиб қўйилган.

Собиқ президентнинг адвокатларидан бири суд ҳукмига апелляция берилишини билдирган. «Судья сиёсий сабабларга кўра ҳукм чиқарди, аммо шунга қарамай биз ҳали Судандаги суд тизимига ишонамиз», деган у журналистларга.

Умар ал-Башир шу йилнинг баҳоридан буён ҳибсда тутиб турилибди. Апрелда мамлакатда тўрт ой давом этган намойишлардан кейин давлат тўнтариши рўй берган ва мамлакатни 30 йил бошқарган президент ҳокимиятдан кетказилганди. Ҳозирда Суданни бош вазир бошчилигидаги ҳукумат ва суверен кенгаш бошқармоқда.

Ал-Баширга 2018 йил декабридан 2019 йил апрелигача давом этган норозилик намойишлари вақтида намойишчиларнинг ўлдирилиши бўйича ҳам айблов қўйилганди. 

Муваққат ҳукумат Баширни Гаагадаги халқаро жиноий судига топширмасликка қарор қилди. Халқаро трибунал уни Дарфур ҳудудида юз минглаб одамларнинг ўлдирилиши, геноцид ва инсониятга қарши жиноятларда айбламоқда.

Гап 2003-2006 йилларда мухолифат исёнчилари ва ҳукумат ўртасидаги низо ҳақида кетмоқда. БМТ ҳисоботига кўра, бу зиддият вақтида қарийб 400 минг киши ҳалок бўлган, 2,7 млн киши ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган.

Мавзуга оид