Нотинч дунёмиздаги энг хавфли ҳудудлардан бири Судан. Қуйида Судандаги инқироз қаердан бошлангани, ҳозир нималар бўлаётгани ҳақида имкон қадар қисқа гапириб беришга ҳаракат қиламиз.
Иккига бўлинган давлат
Учинчи йилки фуқаролик уруши ичида яшаётган Судан амалда иккига бўлинган. Йўқ, араблар бошқарувидаги Судан ва давлат тили инглиз тили бўлган Жанубий Суданнинг алоҳида бўлинишини айтмаяпман, бу энди янгилик эмас, Судан иккига бўлинганига 15 йил бўляпти. Ҳозир араблар бошқарувида қолган, аҳолисининг деярли барчаси сунний мусулмонлар бўлган Судан республикаси ҳам амалда иккига бўлинган: Судан ҳукумат кучлари назорат қиладиган ва «Тезкор ҳаракат кучлари» деб аталган исёнчи гуруҳ назорат қиладиган икки қисмга.
Ҳозир ана шу икки гуруҳ урушяпти. Охирги вақтларда Судан инқирози ахборот оламида тез-тез тилга олинаётганига сабаб ана шу «Тезкор ҳаракат кучлари» ҳукумат кучлари назоратидаги Ал Фашр шаҳрини эгаллаб олгани бўлди. Ҳарбийлашган исёнчи гуруҳ шаҳарни эгаллаб олганидан кейин юзлаб одамларни қириб ташлаган. Расмий маълумотга кўра Саудия ҳомийлик қиладиган касалхонанинг ўзида 460 киши ваҳшийларга отиб ташланган.
Тармоқда бу гуруҳ аъзолари одамларни азоблаб ўлдираётгани, «Кечирим сўрасанг, омон қоласан», деб алдаб отиб ташлагани, машинада босиб ўлдираётгани акс этган даҳшатли видеолар тарқалди. Ишонинг, охирги йилларда суданликлар худди Ғазодагидек даҳшатли кун кечирмоқда. Фарқи шундаки Ғазода 1 миллиондан, Суданда 50 миллиондан ортиқ одам яшайди. 2023 йилдан буён давом этаётган тўқнашувларда камида 40 минг тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган, 15 миллионга яқин одам ўз уйини ташлаб қочишга мажбур бўлган.
Нимадан бошланди?
Ҳаммаси 2018 йил мамлакатдаги иқтисодий аҳволга қарши намойишлардан бошланади. Фуқаролар мамлакатни 30 йилдан буён бошқариб келаётган Умар ал Башир истеъфосини талаб қила бошлади. Намойишлардан тўрт ой ўтиб мамлакатда ҳарбий тўнтариш бўлади, президент Умар ал Башир ҳибсга олинади. Янги раҳбар армия генерали Абдул Фаттоҳ ал Бурҳон бўлади. Йил охирида Бурҳон яна бир ҳарбий тўнтариш қилиб Суданни тўлиқ ҳарбийлар бошқарувидаги давлатга айлантиради.
Ана шунда Судан ҳукумати чинакам жаҳаннам томон йирик қадам қўяди. Ахир ҳарбий бошқарувдаги давлатнинг келажаги нима бўлишини тарих кўп марта кўрсатган. Давлатни сиёсатчилар эмас, ҳарбийлар бошқарса, биринчи муаммо ҳукумат талашиш бўлади. Буни билиш учун даҳо бўлиш шарт эмас. Ҳукуматни қўлга олган генерал Бурҳон ва унинг ўринбосари, эски вазифаси намойишларни тинчитиш бўлган «Тезкор ҳаракат кучлари» етакчиси генерал Муҳаммад Ҳамдан Дагало ўртасида келишмовчилик бошланади.














