Шу йилнинг июль ойида Фарғона вилояти Риштон тумани марказидаги қайта қуриш ишлари оқибатида аҳоли вакилларининг ҳуқуқлари поймол этилаётгани ҳақида Kun.uz сайтида туркум мақолалар ва репортажлар эълон қилинган эди.

Аввалига муаммолар аҳоли вакилларининг уйлари огоҳлантиришсиз, уларга ҳеч қандай шароит яратилмай бузилиб, компенсация пуллари берилмаётгани билан боғлиқ эди.  

Сўнг Риштондаги қурилиш ишларига барча туманлардан, вилоятдаги барча ташкилот вакиллари «ҳашар» ниқоби остида мажбурий меҳнатга жалб этилаётгани ёритилиб,  ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинди.

«Ҳашар» вақтида мудҳиш воқеа содир бўлган, 29 июль куни Қўштепа туман Ободонлаштириш бўлими ходимлари Риштондаги «оммавий ҳашар»дан қайтаётганда йўл-транспорт ҳодисасига учрашган ва икки нафар ходим тан жароҳати олиб, бир нафари оламдан ўтганди.

Орадан икки ой ўтиб марҳум У.Аҳмаджоновнинг оила аъзолари таҳририятга яна мурожаат қилишди. Маълум бўлишича, боқувчисини йўқотган оилага шу кунгача товон пули тўланмаган. Қўштепа туманида бўлиб, марҳумнинг оила аъзолари билан суҳбатлашдик.

Марҳумнинг оиласида

«28 июль куни эрталаб эрим иккита автобусда аёл ва эркакларни олиб Риштонга ҳашарга олиб кетаётганини айтганди. Кичик фарзандимизнинг тоби йўқлиги учун касалхонада эдик. Шундан сўнг эртасига турмуш ўртоғимнинг жасадини олиб келишди. Ишдан, яъни ҳашардан қайтаётган бўлгани аниқ-ку? Ахир бу «иш пайтида бўлмаган», деганларни ҳам текширадиганлар бордир? Икки гўдак етим қолди. Ишга кетиб, вафот этган ходимни «ўз юмушлари билан юрган пайти ҳалокатга учради», дейиш яхши эмас», дейди марҳумнинг беваси Муқаддасхон.