22 декабрь куни сайловчилар ўзлари муносиб деб билган номзодларга овоз беришади. Шу қисқа фурсатлардан фойдаланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоят ва туман-шаҳар Кенгашларига номзодини қўйган вакиллар сайловчилар билан учрашувлар ташкил этмоқда. Бу сиёсий жараёнда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши, туман ва шаҳар Кенгашларига кўрсатилган номзодлар ҳам фаол иштирок этишяпти.

26-Тошработ сайлов округидан халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши депутатлигига илгари сурилган номзод – вилоят ҳокими Қобул Турсунов ҳам сайловчилари билан учрашмоқда.
“Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида ўтказилаётган бу йилги сайловларнинг ўзига хослиги шундан иборатки, бу йил ҳар бир номзод кутилган даражадаги овоз олиш учун бевосита халқнинг олдига чиқиб, ўз сайловолди дастури билан таништирмоқда.


Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Қизил тепа туманидаги 13-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида “Бободўғи”, “Оқ работ”, “Қалаи азизон”, “Сарой” ва “Ўзилишкент” маҳалла фуқаролар йиғинлар аҳолиси иштирокида ўтказилган учрашув очиқ ва ошкора мулоқот тарзда кечди.
Дастлаб иштирокчилар номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирилди.


Шундан сўнг Қобул Турсунов ўз дастурида аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, узлуксиз тарбия тизимини яратиш ва юксак маънавиятли, ватанпарвар авлодни тарбиялаш, мамлакат иқтисодиётида етакчи бўлган машинасозлик, электротехника ва текстиль маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳаларини ривожлантиришга эътибор қаратиш, иқтисодиёт тармоқларидаги технологик қолоқликни камайтириш мақсадида илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги уйғунлик ва ҳамкорликни таъминлаш масалалари устувор вазифа сифатида белгилаб олганлигини таъкидлади.

Учрашувда сайловчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан, жумладан, “Хўжақўрғон” маҳалласи ҳудудидаги қишлоқ врачлик бўлимини қайта тиклаш, “Қалаи азизон” маҳалласида спорт мажмуаси қуриш, Тошработ массиви марказий кўчасида транспорт қатновини тартибга олиш, 29-умумтаълим мактабида ўқувчилар учун ошхона қуриш, шунингдек, 26-мактаб қошида аниқ фанларга ихтисослашган “Қоракўл” мактаби филиалини ташкил этишда амалий ёрдам бериш юзасидан мурожаат қилишди.


















