Текширувга 22 декабрь оқшомида интернетда тарқалиб кетган сурат сабаб бўлди. Ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиев эълон қилган скриншотларда Қудрат Ҳусанов исмли шахс округ раисларига шубҳали топшириқ берганини кўриш мумкин.

Тез орада мазкур сурат ҳақиқийлиги ва ундаги Қудрат Ҳусанов Яшнобод тумани ҳокимлигининг сайловларни ўтказиш бўйича ташкилий кадрлар гуруҳи раҳбари экани тасдиқланди.

Ҳокимлик вакили кеч соат 21га яқин Telegram'даги гуруҳда 30та округ раисларидан дарҳол протоколларнинг қоралама вариантларини олиб келишни талаб қилган.

Фото: t.me/xushnudbek

«Ҳеч қайси округ ва участкалар оригинал протоколга ҳеч нарса ёзмасин», деб эълон берган Ҳусанов. У «Қораламадан нусха ҳам берилмасинми?» дея сўралган саволга «Йўқ, опа, умуман» дея жавоб қилган.

Гуруҳдаги ёзишмаларда «Ҳеч ким протоколини расмга олдирмасин», деган кўрсатма ҳам бўлганини кўриш мумкин.

Кўп ўтмай Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Марказий сайлов комиссияси ва Бош прокуратура ҳолат зудлик билан назоратга олинганини хабар қилди. 

«Айни пайтда «черновик»лардаги маълумотлар ҳеч қандай ўзгаришсиз «чистовик» протоколларга кўчирилиши Яшнобод туман сайлов комиссияси назоратига олинган. Қудрат Ҳусанов ҳамда бошқа масъулларнинг ушбу ҳаракати ўрганиляпти ва сайлов натижаларига аралашиш ҳолати тасдиқланса, уларга нисбатан тегишли чоралар кўрилади», дея маълум қилди шаҳар ҳокимлиги.

Шу билан бирга, журналистлар ва блогер Хушнудбек Худойбердиев Тошкент давлат стоматология институтида жойлашган (эски «ТашМИ») Яшнобод туман сайлов комиссиясига таклиф этилди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, аввалига мутасаддилар томонидан ушбу ҳолат Олий Мажлис ва шаҳар депутатлиги учун сайловга алоқадор эмаслиги, фақатгина Яшнобод туман кенгаши депутатлиги учун бўлаётган сайловга тааллуқли экани маълум қилинган.