Ўзбекистон | 11:33 / 25.12.2019
7097
2 дақиқада ўқилади

Бош прокурор: «Икки йилда соғлиқни сақлаш тизимидаги 581 нафар ходим жиноий жавобгарликка тортилган»

Фото: KUN.UZ

2019 йил 25 декабрь куни Бош прокуратурада соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида коррупция ҳолатлари ҳамда уларни келтириб чиқараётган шарт-шароитларни муҳокама қилишга бағишланган Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, тадбирда республика бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев маъруза қилган.

Унинг қайд этишича, сўнгги икки йилда соғлиқни сақлаш тизимидаги 581 нафар ходим турли жиноятларни содир қилганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган.

«Ташвишлиси, уларнинг 114 нафари ёки ҳар тўртинчисининг содир қилган қилмиши коррупциявий жиноят ҳисобланади. Бу даврда 115 нафар тиббиёт ходими бепарволик ва эътиборсизликка йўл қўйиб, шифокор деган улуғ номга доғ туширганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган.

Бу ходимлар 50 та ҳолатда беморга ўз вақтида малакали тиббий ёрдам кўрсатмаган, 24 та ҳолатда даволаш ишларини нотўғри олиб борган, 13 та ҳолатда жарроҳлик операциясини ўтказмаган ёки нотўғри ўтказган, 7 та ҳолатда касалликни барвақт аниқлаш чорасини кўрмаган. Энг ачинарлиси, бундай қилмишлар оқибатида 27 нафар фуқаро оғир ва ўта оғир тан жароҳати олган. 

Жавобгарликка тортилган ходимларнинг 3 нафари вазирлик ва ихтисослаштирилган тиббиёт марказларида, 49 нафари вилоят ҳамда 529 нафари туман - шаҳар миқёсидаги муассасаларда фаолият олиб борган. Жиноий жавобгарликка тортилганлар, асосан, Фарғона (91 нафар), Андижон (80), Самарқанд (77), Наманган (44), Қашқадарё (33), Сурхондарё (32)  ва  Хоразм (32) вилоятлари ҳисобига тўғри келади.

Коррупция иллати ходимни ишга қабул қилишдан бошлаб, молия-хўжалик фаолиятини юритиш, тиббий хизмат кўрсатиш, дори-дармон таъминоти каби йўналишларни қамраб олган», - деди бош прокурор.

Мавзуга оид