Ўзбекистон | 15:48 / 25.12.2019
16479
2 дақиқада ўқилади

Бош прокурор: «Ўзмедимпекс» корхонаси дори воситаларини қиммат сотиб олиб, бюджетга 9,3 млн доллар ва 4 млрд сўм зарар етказган

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси бош прокуратурасида соғлиқни сақлаш тизимида коррупция ҳолатлари ҳамда уларни келтириб чиқараётган шарт-шароитларни муҳокама қилишга бағишланган Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбирда бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев маъруза қилди.

“Ўзмедимпекс” мансабдор шахслари сўнгги икки йилда хориждан “ампицилин”, “цефазолин”, “цефтриаксон” ва шу каби бошқа дори воситаларини бир неча баробар қиммат нархда сотиб олиб, 9,3 млн. доллар ва 4 млрд. сўм бюджет маблағларини ўзлаштирган.

Оқибатда, дори-дармонларга талабни ҳақиқий эҳтиёждан келиб чиқиб белгилаш ўрнига, айрим дори воситаларини асоссиз равишда, эҳтиёждан бир неча баробар ортиқ харид қилиб, тиббиёт муассасаларига қабул қилдириш, бу билан бюджет маблағларини совуришга шароит яратиб берилган.

Хусусан, тиббиёт муассасаларига 2019 йилда “Ўзмедимпекс” корхонаси томонидан 40 млрд. сўмлик, эҳтиёж бўлмаган ва яроқлилик муддати шу йилда тугайдиган 719 минг дона дорилар етказиб берилган” – деди бош прокурор.

Шунингдек Н. Йўлдошев яна бир масала ­– тиббиёт гипсидан фойдаланиш аҳволига эътибор қаратди.

“Маълумки, инсон суякларининг синишини даволашда тиббиёт гипсидан фойдаланилади. Ўрганишлар, тиббиёт муассасаларида қонун талаблари бузилиб, сўнгги икки йилда 277 мингта ҳолатда гипс қилиш учун тиббиёт гипси ўрнига 351 тонна қурилиш гипсидан фойдаланилганлигини кўрсатди.

Хусусан, Фарғонада 30, Бухорода 33, Тошкент вилоятида 35, Наманганда 36, Қашқадарёда 38, Самарқандда 43 ва Тошкент шаҳрида 48 тонна қурилиш гипсидан фойдаланилган.

Қурилиш гипсини қўллаш, ўз вақтида, беморларда жароҳат олган суякнинг силжиши, гипс қўйилган соҳа терисининг шилиниши, тери аллергияси каби салбий оқибатларни келтириб чиқаради.

Шундай бўлса-да, республикада тиббий гипс ишлаб чиқарувчи биронта корхона ташкил этилмаган, вазирлик эса, бундай ташаббус билан чиқмаган” – деди бош прокурор ўз маърузасида.

Мавзуга оид