Ҳаммаси равшандек кўринади: маълумотлар тайёр, уларни ўқийсиз-у, янги билим ва малакага эга бўласиз. Айниқса ўқув қуроллари — китоб, машғулот, онлайн сервислар етишмаслигидан шикоят қилишга ҳожат йўқ. Аммо кўпинча шундай бўладики, биз гигабайтлаб маълумот оламиз ва кўп куч, пул ва вақт сарфлаймиз-у, аммо кўпи билан юзаки билимнигина эгаллай оламиз. Қуйида бунинг сабаблари ва ечимлари ҳақида маълумот берамиз.
1. Сиз билимларингизни амалиётда қўлламайсиз
Мактаб ва олий ўқув юртида шундай ўқитишган: янги билимни эгаллаш учун бир даста дарсликни шунчаки синчиклаб кўздан кўчириш керак холос, кейин эса ўтилган материаллар асосида назорат иши ёзилади. Ҳа, албатта, тушуниб-тушунмасдан ёдлашдан ташқари лаборатория машғулотлари, амалий дарслар ҳам ўтказилади. Аммо ўқиш жараёнида уларнинг ўрни назария ва тестларга нисбатан анча кам бўлади.
Натижада бизга туйиладики, билим олиш дегани фақатгина дарсликни диққат билан ўқиш-у, нима ёзилган бўлса ёдлашдан иборатдек.
Ваҳоланки, ўтган асрнинг эллигинчи йилларида психолог Бенжамин Блум бутун дунё бўйлаб ўқув дастурларини ишлаб чиқишда кўп йиллардан бери қўллаб келинаётган педагогик мақсадларни таснифлаб чиққан эди. Олим билимни олти даражага бўлади, уларнинг энг қуйи поғонасини эса айнан мактаб ва олийгоҳларда энг кўп вақт ажратиладиган одатий ёдаки билим эгаллаган.
Ҳа, усиз иложи йўқ, ёдаки билим ҳар қандай ўрганиш учун пойдевор бўлиб хизмат қилади. Аммо маълумотни чуқур таҳлил қилиш, амалиётда қўллаш ва унинг асосида янгилик ташкил қилиш малакаси шаклланмаса, олинган билим бефойда ўрганилган фактлар йиғиндисидан нарига ўтмайди. Баъзида эса бутунлай унутилади.
2. Сиз таълим олишни ўйинга айлантиришни истайсиз
Ҳозир «эдьютеймент» (education + entertainment) урфга айланган, яъни ўз ичига ҳам ўқишни ҳам кўнгил очишни олган ўқитиш усули. Ўқишнинг зерикарли усулларидан чарчаган одамлар чет тилини фильм ва подкастлар орқали ўрганиш имкониятидан фойдаланишни исташмоқда.
Албатта, илова дўконларида болалар ва катталар учун мўлжалланган хизматлар тез суръатларда кўпайиб кетди, улар бизнинг нимадир янги нарсани осонликча ва ўйинқароқлик билан ўрганишимизни ваъда қилади. Сурат ва қисқа видеолар томоша қиламиз, содда ва қизиқарли вазифаларни бажарамиз, дам оламиз ва бошқа фойдаланувчилар билан суҳбат қурамиз.
Буларнинг барчаси жуда ажойиб, аммо муаммо шундаки, ўйин билан ўқитиш бўйича илмий ишлар, айниқса ушбу концепциядан фойдаланадиган махсус дастурлар ҳозирча жуда кам.















