Вазирлар Маҳкамасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан қуйидагилар:
Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордерини бериш, ижросини таъминлаш ва мониторинг олиб бориш тартиби тўғрисидаги низом;
Тазйиқ ва зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахсларнинг зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастуридан ўтиши тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордерини бериш, ижросини таъминлаш ва мониторинг олиб бориш тўғрисидаги низомга кўра, ҳимоя ордери мувофиқ серия ва рақамга эга бўлган, қатъий ҳисоби юритиладиган ҳужжат ҳисобланади.
Ҳимоя ордери ички ишлар органларининг таянч пункти профилактика (катта) инспектори томонидан схемага мувофиқ берилади.
Ҳимоя ордери туман (шаҳар) ички ишлар органлари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаларида юритиладиган алоҳида дафтарда қайд этилади.
Қуйидагилар ҳимоя ордерини бериш учун асос ҳисобланади:
тазйиқ ва зўравонлик қурбонининг мурожаати;
жисмоний ёки юридик шахсларнинг хабарлари, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари ва (ёки) ижтимоий тармоқлар орқали тарқалган хабарлар;
тазйиқ ёки зўравонлик содир этиш ёхуд уларни содир этишга уриниш ҳолатларининг ваколатли органлар ва ташкилотлар ходимлари томонидан бевосита аниқланиши;
давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан олинган материаллар.
Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи ваколатли органлар ва ташкилотлар жабрланган хотин-қизлар бўйича маълумотга эга бўлгач мувофиқ шаклдаги хабарномани дарҳол ички ишлар органларига тақдим этади.
Хабарнома қонун ҳужжатларига мувофиқ ички ишлар органлари навбатчилик қисмидаги дафтарда қайд этилади.
Тазйиқ ва зўравонлик тўғрисида хабар берган шахслар ва тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар тўғрисидаги шахсга доир маълумотлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қўриқланади.
Ички ишлар органларининг навбатчилик қисмида белгиланган тартибда қайд этилган мурожаатлар ва хабарлар дарҳол профилактика инспекторига тақдим этилади.







