Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг мандат сайтида имтиёзли тоифадаги абитуриентлар учун 2026 йилги ўтиш баллари эълон қилинди.

Маълумотларга кўра, тавсиянома олган эҳтиёжманд хотин-қизлар учун ажратилган квота бўйича айрим ҳудудларда ўтиш баллари 2025 йилга нисбатан сезиларли даражада кўтарилган.

Энг катта ўсиш Сирдарё вилоятининг техника соҳасида қайд этилган. Бу ерда ўтиш бали ўтган йилга нисбатан 49,2 баллга ошган.

Шунингдек, Тошкент шаҳрида тиббиёт соҳаси бўйича ўтиш бали 44,5 баллга, Самарқанд вилоятида техника соҳасида 34,1 баллга, Наманганда техника соҳасида 32 баллга кўтарилган.

Сурхондарё вилоятида техника йўналишлари бўйича ўсиш 31,1 баллни, Навоий вилоятида тиббиёт соҳасида эса 28,1 баллни ташкил этган.

Айрим ҳудудларда эса, аксинча, ўтиш баллари пасайган. Энг катта пасайиш Жиззах вилоятининг тиббиёт соҳасида кузатилган — 31,1 балл. 2025 йилда ушбу йўналишда ўтиш бали 119,1 балл бўлган бўлса, жорий йилда 88 баллдан юқори натижа қайд этган 63 нафар жиззахлик абитуриент қиз грант асосида ўқишга қабул қилинган.

Шунингдек, Тошкент шаҳрида техника соҳаси бўйича ўтиш бали 29,8 баллга, Тошкент вилоятида тиббиёт бўйича 27,1 баллга, Қорақалпоғистонда тиббиёт соҳасида 26,6 баллга пасайган.

Айни пайтда тавсиянома абитуриентнинг тест натижасига қўшимча балл бермаслигини эслатиб ўтиш лозим. Ушбу имтиёз белгиланган алоҳида квота доирасида танловда иштирок этиш имконини беради.

Шу боис тавсияномага эга абитуриент белгиланган ўтиш балидан паст натижа қайд этган бўлса, имтиёз мавжудлиги уни автоматик равишда талабаликка қабул қилишни англатмайди.