Олмазор туманидаги 201-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида бир оиланинг икки нафар фарзандига нисбатан зўравонлик бўлгани ҳақидаги Kun.uz материали ортидан Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси расмий муносабат билдирди.

“Мазкур ҳолат бўйича Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғининг тегишли буйруғига асосан хизмат текшируви тайинланган ҳамда айни пайтда хизмат текшируви олиб борилмоқда.

Шунингдек, ҳолат юзасидан Олмазор тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси томонидан суриштирув ишлари амалга оширилмоқда. Воқеанинг барча ҳолатларига холисона баҳо бериш ҳамда унга тўлиқ аниқлик киритиш мақсадида тегишли экспертизалар тайинланган”, дейилади бошқарма хабарида.

ММТБ ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини текширувлар якунланмасдан туриб тасдиқланмаган ёки бирёқлама маълумотларни тарқатмасликка, шунингдек, педагогларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига путур етказиши мумкин бўлган хулосаларни билдирмасликка чақирди.

Маълум қилинишича, мазкур ҳолат Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан алоҳида назоратга олинган. Хизмат текшируви ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан олиб борилаётган суриштирув натижалари бўйича қўшимча расмий ахборот тақдим этилади.

Эслатиб ўтамиз, Kun.uz'га мурожаат қилган она Олмазор туманидаги 201-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида эгизак фарзандларидан бири боғчада комага тушганини, иккинчиси эса кўзига жароҳат етган ҳолда уйга қайтганини маълум қилган эди. Она ҳар икки ҳолатда ҳам воқеага ойдинлик киритиши мумкин бўлган видеокузатув камералари ёзувлари тақдим этилмаганини билдирган. Шунингдек, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги аввалроқ ўтказилган хизмат ўрганувида онанинг айрим важлари ўз тасдиғини топганини, тарбиячига нисбатан интизомий чора кўрилганини маълум қилган эди.

Kun.uz мазкур ҳолат бўйича хизмат текшируви ва суриштирув натижаларини кузатиб боради.