Сеул шаҳрига ташриф давомида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев биринчи «Марказий Осиё – Корея Республикаси» бизнес саммитида иштирок этди.

Тадбирда Корея президенти Ли Жэ Мён, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ҳамда Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳам қатнашди.

Ўзбекистон етакчиси бизнес саммит иштирокчиларини самимий қутлаб, «Марказий Осиё – Корея Республикаси» формати бугун сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилаётганини мамнуният билан қайд этди.

Давлат раҳбари ҳамкорликни мамлакатлар салоҳиятининг бир-бирини тўлдириши тамойили асосида йўлга қўйишни таклиф этди. Бунда корейс компаниялари Марказий Осиёни 80 миллиондан ортиқ аҳолига, ўсиб бораётган талабга ҳамда катта ресурс, энергетика ва инсон салоҳиятига эга ягона имкониятлар макони сифатида қабул қилиши муҳимлиги таъкидланди.

Ҳар бир мамлакатнинг хомашё базасидан келиб чиқиб, Марказий Осиёда саноат кооперациясини ривожлантириш ва тўлиқ ишлаб чиқариш занжирларини яратишга алоҳида эътибор қаратилди. Масалан, Ўзбекистоннинг минерал-хомашё базаси камида 3 триллион долларга баҳоланмоқда.

Муҳим минераллар соҳасида яқин йилларда умумий қиймати 4 миллиард доллардан ортиқ бўлган 120 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган.

Минтақанинг ресурс базасини Кореянинг молиявий ва технологик имкониятлари билан бирлаштириб, асосий эътиборни хомашё экспортидан кўра уни чуқур қайта ишлаш ва тайёр юқори технологик маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратиш таклиф этилди.

Қўшма тадқиқотлар ўтказиш, илғор технологияларни жорий этиш ва кадрлар тайёрлаш муҳим йўналиш сифатида белгиланди. Мамлакатларимизга Корея компаниялари, университетлари ва тадқиқот марказларини жалб этиб, интеллектуал мулк ҳуқуқи билан ҳимояланган янги маҳсулотларни ишлаб чиқиш учун ягона ҳамкорлик тизимини яратиш таклиф қилинди.

Сунъий интеллектга алоҳида эътибор қаратилди. У беш йил давомида ҳар бир мамлакат иқтисодиётида камида 10 миллиард долларлик қўшилган қиймат яратиш имконини беради. Шу мақсадда Қорақалпоғистонда сунъий интеллект дата-марказлари учун кенг имтиёзларга эга ҳаб ташкил этилди. Корейс компаниялари ушбу соҳага инвестиция киритишга таклиф қилинди.

photo_2026-09-16_15-02-43

Яримўтказгичлар ва микроэлектроника ишлаб чиқаришда ҳамкорликнинг истиқболли экани қайд этилди. Нурафшон шаҳридаги Келажак технологиялари маркази негизида яримўтказгичлар, саноат микроэлектроникаси ва янги материалларни лойиҳалаш ҳамда синовдан ўтказиш бўйича қўшма марказ ташкил этилмоқда.