16 сентябрга ўтар кечаси — тунда Ғазо шаҳрида урушдан зарар кўрган 7 қаватли турар-жой биноси қулаб тушди. Оқибатида камида 20 нафар фаластинлик, жумладан, аёллар ва болалар ҳалок бўлди, ўнлаб одамлар эса вайроналар остида қолиб кетди.

Маҳаллий расмийларга таяниб Al Jazeera'нинг ёзишича, ҳалок бўлган 20 киши орасида беш нафар бола ҳам бўлган, яна 14 киши жароҳатланган.

2026-09-16 16.39.09
Фото: Reuters

Ғазо фуқаро мудофааси матбуот котиби Маҳмуд Басал қутқарувчилар ҳамон вайроналар остидан жасадларни олиб чиқиш ва бедарак йўқолганларни қидириш устида ишлаётганини билдирди. «Ҳозирга қадар ушбу бино вайроналари остида 100 га яқин фаластинлик қолмоқда», дейди у.

Боз устига, қутқарув гуруҳларида тегишли ускуналар йўқлиги сабабли одамларга етиб бориш ўта қийин кечмоқда.

Маҳаллий ОАВнинг хабар беришича, бино аввалроқ Исроил ҳужумларидан зарар кўрган. Бунинг оқибатида у қулашидан олдин дарз кетган ва конструкцияси заифлашиб қолганди.

Reuters томонидан олинган видеода қутқарувчиларнинг қулаб тушган девор остидан икки кишини олиб чиқишга уринаётгани акс этган. Ижтимоий тармоқлардаги бошқа бир видеода қутқарувчилар қонга беланган ёш болани кўтариб кетаётгани кўрсатилган.

2026-09-16 16.39.15
Фото: AP

Ғазо шаҳри фуқаро мудофааси хизмати раҳбари Раид ад-Даҳшаннинг Reutersʼга айтишича, қулаган бинода камида 10 та оила яшаган ва омон қолганларни топиш умиди ҳамон сақланиб қолмоқда.

Ғазодаги ҳукумат ушбу ҳодиса учун «Исроил оккупацияси ва халқаро ҳамжамиятни тўлиқ ва бевосита жавобгар» деб ҳисоблашини маълум қилди.