Ўзбекистон | 00:02 / 07.01.2020
51522
4 дақиқада ўқилади

«Ўзавтосаноат» расмийлари монополияга оид эътирозларга муносабат билдирди

Бошқарма бошлиғи халқаро савдога доир «янги теория» ҳақида гапириб берди.

26 декабрда UzAuto Motors премиум сегментдаги тўртта янги кроссовери тақдимотини ўтказган эди. 1 январдан эса 40 минг доллардан қиммат автомобилларни Ўзбекистонга олиб кирганлик учун божлар жорий этилди.

6 январь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида «Ўзавтосаноат» АЖ вакиллари қиммат «иномаркалар» учун бож тикланганига алоқадор эмасликларини билдирдилар.

«Биз акционерлик жамиятимиз, яъни бутун бир давлатнинг божхона сиёсатини амалга оширадиган ташкилот эмасмиз. Менимча, божларни ўзи хоҳлагандай ўйнатиш бирор бир вазирликнинг ҳам қўлидан келмаса керак. Чунки Вазирлар Маҳкамаси бор, давлат раҳбари бор... Фақат бир киши ёки битта вазирликнинг қўлидан келадиган иш эмас.

Давлатнинг стратегияси бор, биз ўша стратегияга қараб ўзимизнинг стратегияни белгилаймиз», – деди «Ўзавтосаноат» АЖ Стратегик режалаштириш дирекцияси бошлиғи Рустам Қодиров.

Рустам Қодиров, «Ўзавтосаноат» АЖ Стратегик режалаштириш дирекцияси бошлиғи

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, Қодиров автосаноат монополиясига оид эътирозларга ҳам муносабат билдирган.

«Монополист-монополист деб жуда кўп айтиляпти. Биз нечта-нечта компаниялар билан гаплашяпмиз, «Ўзбекистонда завод очинглар, келинглар» деяпмиз.

Россияда 1 млн 800 мингтача машина сотилган. Уларнинг бозори бизникидан қарийб 8 баравар катта. Шунинг ҳисобига 9та автомобиль ишлаб чиқариш заводи бор. Лекин бу дегани Россияда «растаможка» ноль дегани эмас-ку, тўғрими?

Кўпчилик биздаги янги машинанинг нархини чет элдаги ишлатилган машинанинг нархи билан солиштиради. Ҳозирда бизнинг бозоримиздаги шароит шунақаки, эски ва янги машиналар нархи ўртасидаги тафовут жуда кам. Ваҳоланки ривожланган мамлакатларда машинани салондан олиб чиқиб кетдингизми, унинг нархи 15-20 фоизга тушиб кетади. Лекин бор-йўғи бир кун ҳайдагансиз... Бизда ҳам шу кунлар келади, худо хоҳласа», – деди «Ўзавтосаноат» мулозими.

Унинг сўзларига қўшимча қилган «Ўзавтосаноат» АЖ Савдони ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Мирсамуков халқаро савдога оид «янги назария» ҳақида гапириб берди.

Шуҳрат Мирсамуков, «Ўзавтосаноат» АЖ Савдони ривожлантириш бошқармаси бошлиғи

«Шахсан ўз фикримни айтаман, битта янги теория бор. Бу теорияга кўра, агар иқтисодиёти катта давлат сиздан бозорларни очишни сўраса, «Монополия бўлмасин, эркин савдо бўлсин», деб талаб қўйса, [ва бу вақтда] иқтисодиёти сизникидан кичкина бўлган давлатлар ҳали ҳам сизнинг товарларингизга ёпиқ бўлса ёки сизнинг товарларингизга у бозорда талаб бўлмаса, сиз очилишингиз керак эмас. Бу – жуда катта риск. Нимага деганда, катта давлатдан арзон товарлар сизга кириб келади», – деди Мирсамуков.

Таъкидланишича, «Ўзавтосаноат» соҳадаги монополияга қарши ва ички рақобатни оширишни мақсад қилган.

Мавзуга оид