Шу йилнинг 16 февралидан "Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги ва "Чиқиндилар тўғрисида"ги қонунларга тузатишлар кучга киради, уларга мувофиқ, Ўзбекистонда тўловларнинг навбатдаги турлари жорий этилади: барча импорт қилинган ва ишлаб чиқарилган транспорт воситалари ва тиркамалар учун утилизация йиғими киритилади.

Утилизация йиғими жорий этилиши тўғрисида 2019 йил ноябрь ойида эълон қилинганди, аммо унинг миқдори ҳалигача аниқ эмас ва бу истеъмолчиларни ҳам, автомобилсозлик бизнеси вакилларини ҳам ташвишга солмоқда, чунки у транспорт воситаларининг якуний нархига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин. Шу билан бирга, "Ўзавтосаноат" АЖ маҳаллий бозорга тўртта хорижий кроссоверни чет элдагидан арзон нархда олиб киришни режалаштирмоқда. Ўзбекистонга хорижий автомобилларни олиб кирадиган бошқа компанияларда бундай ноёб имкониятлар йўқ: бож тўланганидан кейин импорт қилинадиган машина нархи автомобилнинг модификациясига қараб 120-150 фоизга ошади.

Энди эса унга утилизация йиғими ҳам қўшилади.

Фикрлаш учун сабаб

Утилизация йиғими миқдори алоҳида қонуности ҳужжат билан белгиланади. Номаълум муддатга қолдирилган маълумотлари аниқ бўлмаган бундай ҳужжатлар Ўзбекистонда замонавий қонун ижодкорлигининг ўзига хос тенденциясига айланди. Бунинг устига, маълумотларнинг йўқлиги турли тахминларга сабаб бўлади.

Утилизация йиғими билан боғлиқ алоҳида ҳолатда унинг миқдори тўғрисидаги маълумотларнинг йўқлиги Ўзбекистондаги автомобиль бозори ишлаб чиқарувчилари ва дистрибьюторларини 2020 йил учун савдо-сотиқни прогнозлаштириш ва режалаштириш имкониятидан ҳам маҳрум қилади. Масалан, Россияда утилизация йиғими миқдорининг 2020 йил 1 январдан бошлаб оширилиши импорт қилинадиган автомобиллар нархининг 5 фоизгача кўтарилишига олиб келди, буни талабнинг мос равишда 8 фоизга пасайгани ҳақида хабар берган дилерлар ҳам тасдиқладилар.

Таққослаш учун сабаб

Утилизация нима ва у жаҳонда қанчага тушади? Пресс остига автомобилнинг металл асосигина тушади. Унинг ғилдираклари, ўриндиқлари ечиб олинади, барча суюқликлар, ёнилғиси тўкиб ташланади, механик қисми сотиш ёки қайта ишлаш учун алоҳида сараланади. Бу жараён қанчага тушишини фақатгина тахмин қилиш мумкин, чунки баъзи давлатларда (Eвропа мамлакатлари) утилизация автомашина эгаларига атиги 100-200 еврога тушади, бошқа давлатларда эса (Россия, Қозоғистон) эса бу автомобилнинг модификациясига қараб 2000 АҚШ доллари ва ундан кўпни ташкил этади ҳамда маҳаллий автосаноатни қўллаб-қувватлаш ва нархлар мувозанатини тартибга солиш воситаси ҳисобланади. Баъзи мамлакатларда автомашина эгаларининг утилизацияда фаол иштирок этишлари рағбатлантирилади, уларга эски автомобилни утилизацияга топширганлик учун янги транспорт воситасини сотиб олишда имтиёзлар таклиф этилади.