Спорт | 00:57 / 13.01.2020
21173
3 дақиқада ўқилади

VAR, чемпионнинг қайтиши ва иккита пенальти. Ўзбекистон — Хитой ўйинидан фоторепортаж

Ўзбекистон U23 жамоаси Таиланддаги Осиё чемпионатида иштирокини давом эттирмоқда. Бугун вакилларимиз Хитой билан тўқнаш келиб 2:0 ҳисобида ғалаба қозонишди. Ўйин ҳар икки жамоа учун ҳам жуда муҳим эди. Чунки мағлуб жамоанинг кейинги босқичдан умидини узиш эҳтимоли юқори эди. Хитой Ўзбекистонга енгилгани сабаб кейинги босқичдан умидини узди. Энди улар охирги турда Эрон билан номус учунгина ўйнашлари мумкин.

Йигитларимиз ғалабани осон қўлга киритишди деб бўлмайди. Ҳисобга қараб хулоса чиқармаслик керак, чунки Хитой жиддий қаршилик кўрсатди. Ўйин аввалида мураббий тезкор гол уришга кўрсатма бергани сезилди ва йигитларимиз жуда кўп ҳужум қилишди. Айниқса Жасур Яхшибоев ва Санжар Қодирқулов фаол бўлди.

7-дақиқада футболчиларимиз гол ҳам уришди, аммо ҳакам офсайд сабаб «Насаф» футболчиси Ҳусниддин Алиқуловнинг голини инобатга олмади. Футболчиларимиз бутун тайм давомида ҳужумкорликни тўхтатмай бўлим аввалида бу учун мукофотланишди. Ўйинни жуда яхши ўтказган Ойбек Бозоров биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқада жарима майдончасига кириб борди ва унга нисбатан қўполлик ишлатилди. Белгиланган пенальтини Ислом Қобилов голга айлантирди.

Иккинчи бўлимни ҳам йигитларимиз ҳужумкор бошлашди. Азиз Ғаниев олис масофадан кўп зарба йўллаган бўлса, Жасур Яхшибоев ўнг қанотдан ҳимоячиларга тинчлик бермади. Тайм ўртасида ҳакам хитойликлар дарвозасига яна битта пенальти белгилади. Бу гал ҳакам VARни кўргандан сўнг тўп хитойлик футболчининг қўлига текканини кўрди ва пенальти белгилади. Аммо Ислом Қобилов бу гал пенальтидан фойдалана олмади, унинг зарбасини дарвозабон қайтарди.

Вакилларимиз барибир иккинчи голни уришди. Захирадан майдонга тушган Нурилло Тўхтасинов ўз номига гол ёздириб қўйди. Ҳожиакбар Алижонов алдамчи ҳаракати билан ҳимоячини ортда қолдириб зарба йўллади, лекин тўпни хитойлик бошқа ҳимоячилар қайтаришди. Қайтган тўп эса Нуриллога келиб тушди ва «Бунёдкор» футболчиси зарбада адашмади. Шу тариқа амалдаги чемпион Ўзбекистон бу мусобақадаги илк ғалабасини қўлга киритиб ўзига хос тарзда қайтганини барчага кўрсатиб қўйди. Қуйида ўйиндан тайёрланган фотогалереяни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Муҳаммаджон Ғаниев олган суратлар

Мавзуга оид