Судан: Разведкачилар исёни армия томонидан бостирилди
Судан Разведка хизматининг тезкор ходимлари бошқармаси ҳукуматнинг бу хизмат бўйича жорий қилган ислоҳотига норозилик сифатида қуролли исён кўтарди. Улар мамлакат пойтахти кўчаларига чиқиб, баррикадалар ўрнатишди ва ҳавога қарата ўқ узишди. Бир неча соат ўтиб исён армия томонидан бостирилган.
Қарийб беш соат давомида мамлакат ҳаво ҳудуди ёпиб қўйилган.
Судан ахборот вазири Фейсал Муҳаммад Солиҳ телевидение орқали маълум қилишича, махсус хизмат раҳбарияти разведканинг ишини қайта ташкил этишга қарор қилганди.
Ходимларга ёки бошқа бўлимга қўшилиш ёки ишдан бўшаш таклиф қилинган.
Франс-пресс агентлиги маълумотига кўра, кўчаларда бўлиб ўтган отишма вақтида беш киши жароҳатланган, шу жумладан 15 ёшли ўсмир ва Судан армиясининг бир ҳарбийси ҳам. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, Умумий разведка хизмати тезкор ходимлари бошқармасининг иккита базасида отишма овозлари эшитилган.
Исёнчилар жойлашган базаларга юк машиналарида тезкор ҳаракатланувчи кучлар бўлинмалари жўнатилган. У ерда шунингдек, танкларни ҳам кўришган.
2019 йил апрелида мамлакатни узоқ йиллар давомида бошқарган президент Умар Башир ағдарилгач ҳокимиятга келган Судан Ҳарбий кенгаши махсус хизматларда ва разведка хизматида туб ислоҳотлар ўтказилишини эълон қилганди. Ислоҳот ўтказишдан мақсад мамлакатда фуқаролик ҳукумати ўрнатиш ва махсус хизматлар ишини қатъий ўзгартиришни талаб қилган намойишчиларни тинчлантириш эди.
Судан ҳукумати сўнгги воқеаларни ҳокимият тўнтаришига уриниш деб баҳолади.
«Бундай тадбирлар исён ҳисобланади. Шаҳар марказида ўт очилиши - бу фуқароларни қўрқитиб, сиёсий жараёнга таҳдид қилувчи қўзғолондир», деган Судан суверен кенгаши аъзоси генерал-лейтенант Шамселдин Кабаши.
У исёнчиларнинг молиявий талабларини «мантиқсиз ва номаъқул» талаб деб атади.
Судан бош прокурори исёнда иштирок этганларга нисбатан суд ўтказилишини талаб қилган.
Судан ҳукумати Ташқи разведка хизматининг тезкор бошқармасини ислоҳ қилиб, унинг ходимларига ёки армияда, ёки тезкор ҳаракатланувчи кучлар бўлинмаларида хизмат қилишни, ёки ишдан кетишни таклиф қилганди. Гап 10 мингдан ортиқ ходим ҳақида кетади.
Ходимлари исён уюштирган Ташқи разведка хизмати президент Башарга қарши 2018 йил декабрида бошланиб 2019 йил апрелига қадар давом этган намойишларни бостириш ишларида жонбозлик кўрсатишганди.
Судандаги кўпчилик разведкачилар исёни - мамлакатда Умар Башир ағдарилгач сиёсий барқарорлик ўрнатишга халал бериш сифатида баҳоланмоқда. Судан ҳукумати вакиллари бу воқеалар ортида мамлакат разведка хизматининг собиқ раҳбари Салоҳ Гош турганини тахмин қилмоқда.
Мавзуга оид
14:30 / 04.11.2024
Суданда вабо эпидемияси 852 кишининг ҳаётига зомин бўлди
20:57 / 31.10.2024
Суданда 130 аёл жинсий зўравонликдан қутулиш учун ўз жонига қасд қилди
22:43 / 21.10.2024
Суданда саҳнида россияликлар бўлган юк самолёти уриб туширилди
18:02 / 27.09.2024