Тошкент давлат техника университетининг Нукус филиали ташкил этилади. Вазирлар Маҳкамасининг бу ҳақдаги тегишли қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги ва Қорақалпоғистон республикаси Вазирлар Кенгашининг Нукус шаҳрида Тошкент давлат техника университетининг Нукус филиалини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилиши мумкин.

Белгиланишича, Филиал Тошкент давлат техника университетининг юридик шахс мақомига эга бўлган таркибий бўлинмаси ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисоб варақларига эга бўлади.

Қуйидагилар Филиалнинг асосий вазифалари этиб белгиланади:

кончилик иши, кончилик электр механикаси, электр энергетикаси, технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришларни автоматлаштириш
ва бошқариш, машинасозлик технологияси ва машинасозлик ишлаб чиқаришини автоматлаштириш йўналишлари бўйича юқори малакали кадрларни халқаро стандартлар даражасида сифатли тайёрлашни таъминлаш;

талабалар амалиётини Тебинбулоқ кон негизидаги кон-металлургия комплексида ташкил этиш ва уларга ишлаш имкониятини яратиш;

хорижий давлатларнинг етакчи олий таълим муассасалари билан, жумладан, кон-металлургия соҳасида Россия Федерациясининг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари асосида малакали кадрлар тайёрлаш;

кон-металлургия соҳасининг барча йўналишлари бўйича малакали кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, корхоналарнинг муаммоларини ҳал этишга қаратилган инновацион тадқиқотларни фаол ривожлантириш;

ўқув ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш, таълим ва илмий изланишлар жараёнига малакали мутахассисларни кенг жалб этиш мақсадида ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш соҳаларидаги республика ва хорижий етакчи олий таълим муассасалари ва илмий марказлар билан ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш;

республика ва хорижий олий таълим муассасалари ҳамда илмий марказларга истиқболли ёш битирувчиларни магистратура ва докторантурага мунтазам юбориш орқали Филиалнинг илмий-педагогик салоҳиятини ошириб бориш;

Филиалнинг минтақа ва халқаро миқёсдаги нуфузини ошириш мақсадида чет эл фуқаролари учун таълим олиш имкониятини кенгайтириш