21 январь куни Бизнес ва бошқарув республика олий мактаби биносида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ва Агентлик ҳузуридаги Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази ходимлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Марказнинг бир йиллик фаолияти натижаларидан бири фуқароларнинг давлат органлари билан ўзаро муносабатлари жараёнини сезиларли даражада енгиллаштиргани ҳамда аҳоли учун бир қатор хизматлар йўлга қўйгани бўлса, яна бир натижа Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг MyGov мобил иловасининг ишга туширилиши бўлди.
Бугунги кунда республикамиз аҳолисининг 80%ини мобил интернет фойдаланувчилари ташкил этишини инобатга олсак, My.gov.uz мобил иловасининг ишга туширилиши интерактив давлат хизматлари кўрсатишда муҳим қадамдир.
Матбуот анжумани доирасида My.gov.uz мобил иловасининг имкониятлари намойиш этилди ва мобил иловада фақатгина тўлиқ автоматлаштирилган электрон хизматлар, яъни давлат органлари ходимлари иштирокисиз кўрсатиладиган хизматлар жорий этилганлиги эьтироф этилди. Мазкур иловалар орасидан йўл ҳаракати қоидаларини бузилганлик юзасидан жарималар, шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисоб варағи ҳолати ҳақида маълумот олиш, СТИРни аниқлаш, иш ҳақи миқдорини тасдиқлаш тўғрисидаги маълумотнома олиш, коммунал хизматлар учун тўловлар ва бошқалар жой олган.

Мисол учун, бошқа ҳеч қаерда жарималар бўйича маълумот олиш имконияти мавжуд тўлақонли хизмат кўрсатилмайди. Фақатгина Ягона интерактив давлат хизматлари порталида ЙҲҚ бузилгани учун белгиланган жарималар бўйича маълумотни бепул олиш мумкин. Бунда мазкур хизматдан фойдаланиш учун рўйхатдан ўтгандан сўнг жарималар ёзилган тақдирда улар тўғрисидаги маьлумотлар автоматик тарзда тақдим этилади.
Мобил илова ишлаш жараёнида унда кўрсатиб бориладиган электрон хизматлар сони ошириб борилади.
Ўтган 2019 йил давомида Марказ ва Ягона интегратор UZINFOCOM билан ҳамкорликда My.gov.uz порталида 49 та электрон давлат хизматлари жорий этилди. Улар орасида 5 таси тўлиқ автоматлаштирилган.
Бугунги кунда ўз ичига туғилишни рўйхатга олиш, фарзанд туғилганда бир марталик нафақа тўланиши, болани мактабгача таълим муассасасига рўйхатга қўйиш каби хизматларни олган композит хизматни жорий этиш устида ишлар олиб борилмоқда. Бундай хизматлар давлат органларига қайта-қайта ташриф буюриш ва навбатлар кутиш амалиётини йўқ қилишга қаратилган.















