Ўзбекистонда ва хориждаги ўзбекистонликлар томонидан 2019 йилнинг октябридан буён Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлиш масаласи муҳокама қилиб келинмоқда.
Мустақилликка эришгач турли иттифоқларга қўшилишни мустақиллик учун хавф сифатида кўриб келган Ўзбекистон ҳукумати раҳбарияти сўнгги йилларда дунё учун очила бошлади. Россия Федерация кенгаши раиси Валентина Матвиенко Тошкентга ташрифи вақтида Ўзбекистон ЕОИИга кириши ҳақида гапириб юборганидан кейин иттифоққа аъзо бўлиш ва бўлмаслик тарафдорлари ижтимоий тармоқларда бу масалани фаол муҳокама қила бошлашди. Шунингдек, партиялар, ҳукумат аъзолари ЕОИИга қўшилиш унчалик хатарли эмаслиги ҳақида айта бошлашди ва кўпчиликда 2020 йил Ўзбекистон иттифоққа кириши аниқ деган тасаввур ҳосил пайдо бўлди.
Kun.uz сайтининг Россияга сафар қилган мухбирлари Москвадаги ўзбекистонликлардан Ўзбекистоннинг ЕОИИга қўшилишига қандай муносабатда бўлишларини сўради.
Респондентларга «Ўзбекистон ЕОИИга қўшилиши тарафдоримисиз ёки йўқ?» деган савол билан мурожаат қилинди.
- Қўшилса яхши ёки ёмон бўлишини тепадагилар яхши тушунишади. Кўпчилик патентнинг енгиллигини ҳисобга олиб гапирмоқда. Мен шахсан қўшилмаслиги тарафдориман. Ҳамманинг эркинлиги ўзида қолгани яхши. Бошқа томондан енгиллик бўлгани яхши бўларди. Мисол учун, ўзимдан келиб чиқсам, бир йилда 4 марта «регистрация» (прописка) қилиб қийналаман. Биринчиси, яхши чиқса, хўп, иккинчиси «фалшивка» (сохта) чиқади. Пул тўлаб ҳам қила олмаяпмиз. Шуни бир йиллик қилишса яхши бўларди. Патентни умуман йўқ қилишларига ақлим етмайди. Бошқа жиҳатлардан ёрдам қилишлари, енгилликлар яратишлари мумкин.
- Биласизми, авваламбор, мен олим эмасман. Олимларимиз бу масаланинг иқтисодий томонларини кўришлари керак. Депутатларимиз бор, улар бош қотиришлари керак, мен иқтисодчи эмасман. Аммоси бор. 4-5 млн одамимиз шу ерда юрибди. Қўшилмасликнинг иложи ҳам йўқда. Ким-кимгадир қўшилмаса, қолоқ бўлиб кетяпти. Ёлғиз отнинг чанги чиқмас, дейишади-ку! Бу бўлмаса, яъни иттифоққа қўшилмасак, Хитой қараб турибди. Инвестициялар киритяпти. Нималардир қуряпти. Хитойликлар босиб кетади-ку унақада? Биз улар қанақа халқ эканини билмаймиз. Менимча, ёмон бўлмайди иттифоққа қўшилсак. Кўпроқ одамлар шу ерга келиб ишлайди. Қонунлар тартибга киради ва ҳоказо.
- Мен шахсан қаршиман. Ўзбекистон ўзига хон, ўзига бек давлат. Хоҳласа қўшилади, хоҳласа қўшилмайди. «Қўшил-қўшил», деб мажбурлашмасин. Россия «қўшил-қўшил» деяпти-да фақат. Қолган давлатлар, Арманистон, Қозоғистон ва Қирғизистон «қўшил» деб айтмаяпти. Фақат Россиянинг ўзи «қўшил» деяпти. Патент тўлови бўлмайди дегани бу алдов гап. Қўшилсак, яна бошқа нарса ўйлаб чиқишади. Қул бўлиб қоламиз. Ислом Каримов – олдинги президентимиз «қўшилмаймиз» деб тўғри айтган. Лекин, Ўзбекистон-Россия ўртасида дўстона алоқалар бўлаверади. Бу иттифоқ керак эмас. Мен шахсан (патент) тўлайман. Ўзбекистон қул бўлишини хоҳламайман.















