Бугун украиналикларнинг қанчаси уруш тугашини хоҳлаяпти – бу саволга украин халқининг ўзида ҳам, Киевдаги сиёсатчиларда ҳам жавоб бор. Бу жавоб субъектив ёки хаёлий эмас, у – профессионал ва репрезентатив социологик тадқиқотлар маҳсули. Ахборот асрида ижтимоий кайфиятдан бохабар бўлиб туриш – хоҳ демократик бўлсин, хоҳ авторитар – барча давлатлар учун бирдек ҳаётий аҳамиятга эга.

Россия-Украина уруши бошланган 2022 йилда 90 фоиздан ортиқ украиналиклар “тўлиқ ғалабага эришунча урушишимиз керак!” деган фикрда эди. Бугун 69 фоиз украиналиклар музокаралар орқали урушни тезроқ тугатиш тарафдори. Шундай бўлса-да, 67 фоиз украиналик агар масала давлат мустақиллиги ҳақида кетса, урушни давом эттиришга рози.

41 фоиз французлар эса Францияда авторитар бошқарув бўлишига рози: “Агар кимдир ҳокимиятда узоқ қолиб, тартиб ўрнатса, масъулиятни бўйнига олса – бунга розимиз”. Бу билан французлар кейинги 2 йилда 6 марта бош вазир алмашиши ва муттасил инқирозлардан чарчаганини билдиришмоқда.

Бу мисоллар – Украинадаги ва Франциядаги ижтимоий фикр, жамият кайфиятини ифодаловчи сўровномалардан парчалар эди. Дунё давлатларида жамоатчилик фикрини ўрганиш – саноатлашган ва институтлашган тартибда амалга оширилади. Нафақат демократияларда, балки ўзининг барқарорлигини ва ривожланишини тўғри моделлаштириш ҳаракатидаги авторитар давлатлар ҳам ўзларидаги жамоатчилик фикрини тизимли ўрганади, керакли хулосалар чиқаради, ўз сиёсатларини тўғрилаб боради.

Жамоатчилик фикрини ўрганиш деярли бир асрдан бери мавжуд. Бугун дунёда жуда таниқли жамоатчилик фикрини ўрганиш марказлари мавжуд. Pew Research, RAND Corporation, Gallup, Chatham House, Левада-центр ва бошқалар профессионал тадқиқот марказлари сифатида ном қозонган.

Олдинлари репрезентатив, яъни аҳолининг фикрини холис ифодаловчи социологик тадқиқотлар ўтказиш анча қиммат турарди. Кейинги вақтларда информацион технологиялар ривожи, Big Data, ижтимоий тармоқлар – буларнинг барчаси аралаш ва мукаммал жамоатчилик фикрини ўрганишга имкон бермоқда. Ижтимоий фикр ва кайфиятни ўрганиш – тез ва нисбатан арзон бўлиб бормоқда.

Нима учун дунё давлатлари ижтимоий фикрни ўрганиб боришади? Нафақат бизнес учун, мижозлар нималарни хоҳлашини билиш учун. Балки сиёсий ҳокимиятлар учун одамларнинг фикри, қараши, кайфиятини билиш – жуда катта билим ва имкониятлар беради. Ижтимоий фикрни билмаслик ёки билиб, инобатга олмаслик – катта инқирозларга олиб келади. Мукаммал билиш ва тўғри ишларни қилишга тайёр туриш – мустаҳкам ва мустаҳкам ҳокимиятлар пойдевори, асоси ҳисобланади.