Ўлим ҳолатларининг аксар қисми Хубэй провинцияси - вирус тарқалиш эпимарказига тўғри келмоқда. Провинция маркази бўлмиш Ухань шаҳри мэри вирус эпидемияга айланишидан огоҳлантирган, унинг сўзларига кўра, 11 миллион киши яшайдиган шаҳар ташқи дунё учун ёпилиб, карантин ҳолати жорий этилгунига қадар 5 миллион киши шаҳарни тарк этганди.

Ҳозир шаҳарни тарк этиш учун жиддий чекловлар ўрнатилган. Провинция чегараларидаги пунктларда тиббий ходимлар гуруҳлари ишламоқда ва улар чиқувчиларнинг тана ҳароратларини ўлчашмоқда. Уханда шахсий автомобилларда ҳаракатланиш ҳам тақиқланган.

Бир неча кун ичида шаҳарда янги шифохона қурилди ва яна биттасини қуриш ишлари кетмоқда. Матоли ниқоблар ва ҳимоя кийимлари ишлаб чиқарувчи фабрикалар тўхтовсиз ишламоқда.

Айни вақтда Хитойнинг яна бешта шаҳри карантин ҳолатида.

Кўплаб мамлакатларда туроператорлар Хитойга йўлланма сотишни тўхтатган ва асосан ушбу давлатдаги хорижликларни ватанига қайтариш билан шуғулланмоқда.

Хитой ҳукумати вирус тарқалишининг олдини олиш учун турли чораларни қўлламоқда. Ўтган ҳафтада Пекиннинг тарихий қисмида жойлашган, Тяньаньмэнь майдони яқинидаги «Тақиқланган шаҳар» (Гугун) сарой комплекси, шунингдек, Буюк Хитой деворининг бир қисми сайёҳлар учун ёпиб қўйилди, ой тақвими бўйича 25 январь куни бошланган хитойча янги йил байрами тадбирлари бекор қилинди.

Гуандун провинциясида яшовчиларга ниқоблар тақиш мажбурий қилиб қўйилди.

Шанхай ва Ҳонгконгда Диснейлендлар номаълум муддатга ёпиб қўйилди, Тибет маркази Лхасадаги қадимий Потала саройи ҳам ёпилган.

Ҳозирда Хитойнинг турли ҳудудларида янги йил таътиллари узайтирилган.

Узоқ муддатли таътил

Шанхайда ташкилотлар ходимларига 10 февралгача ишга қайтмасликка рухсат берилган, коммунал хизматлар, тиббий муассасалар ва супермаркетлар бундан мустасно. Мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам таътиллар камида бир ҳафтага узайтирилган.

Би-би-сининг Шанхайдаги мухбири Робин Брантнинг сўзларига кўра, бу Хитой учун хос бўлмаган қарордир. Расмий ҳисоб-китобларга кўра, бундай чора туфайли қарийб бир ярим миллиард хитойлик маълум вақтга жамоат транспортидан фойдаланиш имкониятидан маҳрум бўлади.